“Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!”

09.04.2021 15:04:19

Жаҳон тарихи замирида кўҳна Шарқ тарихи алоҳида ўрин эгаллайди. Маълумки, ҳар бир давр ўзининг тарихий шахсларини яратган ва мазкур шахслар тарих силсиласини вужудга келтирган. Бинобарин, Марказий Осиё халқлари тарихини ўрганишда Амир Темур ва Темурийлар даврини муфассал ўрганмай туриб бу минтақанинг тарихига баҳо бериш мумкин эмас. Зеро, Амир Темур ва Темурийлар даври дунё мамлакатларининг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожланиш жараёнида улкан ижобий бурилишлар даври бўлган.

Ўзбекистоннинг янги тарақиёт босқичида Амир Темур биз учун буюк давлат асосчиси сифатида ҳам қадрлидир. У давлат пойдеворини қурган, давлатнинг  ҳуқуқий асосларини барпо этган буюк давлат арбобидир. Унинг давлатчилик борасидаги фикрлари нафақат ўз даври, балки биз авлодлар учун ҳам катта аҳамият касб этади. Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек “Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!” – деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур”.

XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрларда Марказий Осиёда илм-фан ва маданиятнинг гуркираб ривожланиши Амир Темур ва Темурийлар номи ва фаолияти билан узвий боғлиқдир. Ўша даврда минтақада илмий ва адабий фаолият учун қулай шароит яратилгани туфайли кўплаб олимлар бу ерда хотиржам яшаб, баракали ижод қилдилар.

Буюк Соҳибқирон мамлакатни  ривожлантиришда  илм-фаннинг аҳамияти беқиёс эканини чуқур тушунар эди. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Амир Темурнинг ўзи ҳам тиббиёт, математика, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмидан яхши хабардор бўлган. Бинобарин, Амир Темур билан юзма-юз ўтириб суҳбатлашган Ибн Халдуннинг таъкидлашича, улуғ жаҳонгир турк,  араб, форс халқлари тарихини ўзида акс эттирган китобларни чуқур ўрганган, шунингдек, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг энг мураккаб жиҳатларини яхши  ўзлаштирган.

У машҳур олиму фузалолар билан адабий анжуманлар, китобхонлик мажлислари ташкил қилган. Қолаверса, Амир Темур саройида бой кутубхона мавжуд бўлиб, у ерда замонасининг машҳур кишилари фаолият кўрсатган.

Шарафуддин Али Яздийнинг таъкидлашича, Амир Темурнинг бош девонида «Манзумайи турк» номли китоб тузилган. Мазкур асарнинг ёзилиш жараёнида Амир Темур унинг ҳар бир парчасини шахсан бир неча марта ўқиб чиқиб, тузатишлар киритган, таҳрир қилган. Қўшимча далилларга эҳтиёж туғилганида эса, тегишли масканларга махсус одамлар юбориб, воқеаларнинг аниқ-равшан, тарихий ҳақиқатга мос равишда ва давомий тартибда ёритилишини таъминлаган.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари ҳам беқиёсдир. Амир Темур ва унинг авлодлари саъй-ҳаракатлари билан қурилган мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар, саройлар, бозорлар, кўприклар, йўллар, бекатлар, ҳаммомлар, каналлар, қалъалар ва бошқа қатор иморату иншоотларнинг сон-саноғи йўқ.

Амир Темурнинг бевосита раҳнамолигида бунёд этилган Бибихоним жоме масжиди, Амир Темур мақбараси ва Аҳмад Яссавий, Зангиота мақбаралари, Оқсарой ва Шоҳи Зиндадаги меъморий мўъжизалар, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Баланд сингари ўнлаб гўзал сарой-боғлар ва бошқа иншоотлар шулар жумласига киради. Бу обидалар, ҳеч шубҳасиз, инсон тафаккури ва ақл-заковатининг буюк тимсолларидир.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+