Аҳоли қурилиш фирмасидан нега норози?

12.05.2021 18:05:38

Ҳар бир хонадон эгаси сарфлаган маблағига яраша қулай шароитда яшашни истайди. Аммо Шайхонтохур туманида яшовчи Акбар Қаландаров бир неча йилдирки, қўшнилари билан биргаликда ўзи тўлаган хақ эвазига барака топмай келмоқда. Уйни сотиб олаётганда пудратчи ташкилотдан қоп-қоп ваъдалар билан қабул қилган хонадон эгалари ҳохлаган вақтда ташқарига болаларини ўйнатгани олиб чиқолмайди, қишда оёқлари лойга, ёзда тупроғ-у чангга тўлади. Лифт шахталари очиқ қолдирилганлиги боис доим болаларидан хавотирда юради.

Атрофимизда халқ манфаатини эмас, ўз манфаатини биринчи ўринга қўювчи “уддабурон”лар туфайли шундай масъулиясизликлар юзага келаётган бўлса керак. Кўплаб сифатсиз бинолар қурилаётганлиги шундандир, эҳтимол. (Жиззахда бўлиб ўтган воқеа ёдингизга бўлса керак).

Мурожаат эгаси Акбар Қаландаровнинг бизга маълум қилишича, Шайхонтохур туман, Кичик халқа йўли кўчаси 147, 147а, 147б – кўп қаватли хонадонларда истиқомат қилиб келаётган бир гуруҳ фуқаролар сифатсиз қурилишнинг жабрини тортиб келаётган жабрдийдалардан экан. Хонадон эгалари 2017-2018 йилларда “Sardor-MS” МЧЖдан уйларни сотиб олишган. Жамият томонидан охирига қадар таъмирлаб бериш ваъдаси билан 2019 йилда кадастр хужжатлари ҳам расмийлаштирилиб берилган. (Ҳозирда қурулиши тугалланмаган объект учун ер ва мол-мулк солиғи хонадон эгалари томонидан тўланмоқда). Бироқ ханузгача ваъда-ваъдалигича қолиб уйлар таъмирланиши ниҳоясига етказилмаяпти. Хусусан, уйлар атрофи асфальт қилинмаган, болалар ўйингоҳи қурилмаган, ахлат тўкиш жойлари ўрнатилмаган. Хавотирли жиҳати, лифт шахтаси очиқ ҳолатда қолган, бу эса аҳоли хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Ушбу муаммолар бўйича аҳоли жуда кўп мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган бўлишига қарамай бугунги кунгача барча мурожаатлар бесамарлигича қолиб келмоқда.

Яқинда Халқ депутатлари Шайхонтохур туман Кенгаши депутати Дилдора Исломова ушбу ҳолат юзасидан туман 3-сектор раҳбариятига депутатлик сўрови киритди.

Хўш, “мендан кетгунча ... ” қабилида иш кўриб келаётган мутасадди “Sardor-MS” МЧЖ бу ҳолатга нима дейди?

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+