Амнистия нима-ю, афв нима?

09.04.2021 10:04:51

Очиғи, ҳаммамиз яхши биладиган ва ҳар доим ҳам риоя қилавермайдиган амалларимиздан бири – кечиримлиликдир. Кечиримлилик, аввало, Аллоҳга хос олий фазилат бўлиб, инсон учун ҳам энг олий зийнатдир. Кечиримли шахслар маънавий паҳлавондирлар...

Бизнинг ана шундай одамийлик, инсонпарварлик қадриятларимизга асосланган сиёсатимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Унда кечиришнинг икки тури назарда тутилган. Олий ҳужжатнинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ Президент: биринчиси амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади; иккинчиси  Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади.

Хўш, амнистия нима-ю, афв нима? 

Амнистия акти кечиришнинг бир кўриниши бўлиб, Президентнинг тақдимномаси асосида Олий Мажлис Сенати томонидан маълум турдаги жиноятлар учун қоида тариқасида йилига бир марта маълум бир сана муносабати билан жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилишгача даражада ялпи жорий этиладиган енгиллик бериш орқали кечириш.

Афв эса Президент томонидан исталган вақтда жазо муддатини ўтаётган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни жазодан озод этиш ёки бошқача енгиллик бериш орқали кечириш.

Шу ўринда савол туғилади. Бу инсонпарварлик актлари кимга фойда-ю, кимга зиён? Кимнинг манфаати учун хизмат қилади? Жамиятга нима беради?

Амнистия акти кўплаб турдаги жиноятларни содир қилган гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумлар учун жуда фойдали бўлиб, жабрланувчиларнинг манфаатлари назарда тутилмайди. Чунки, унинг шахси, содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси (ўта оғир жиноятлар бундан мустасно), жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарар ва бошқа жиҳатлари эътиборга олинмаган ҳолда умумийлик асосида қўлланилади. Бу, албатта, жиноят содир этганлар яхши кўрадиган, аммо жамиятга хавфи кўпроқ (жиноят содир этиб, умуман жазони ўтамасдан ҳам қутилиб кетиш, қилмишидан пушаймон бўлмаслик, зарарларни қопламаслик, яна жиноий фаолиятини давом эттириш каби салбий хусусиятларга ҳам эга) бўлган кечирим тури ҳисобланади.

Афв акти эса ўзининг халқчиллиги билан аҳамиятлидир. Бунда, давлат, жамият, халқ ва жабрланувчилар манфаати устунлик қилади. Афв аниқ маҳкум ёки бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан қўлланилиши, бунда ҳар бир маҳкумнинг содир этган жинояти оқибатлари, жазони ижро этиш муассасаси хулосаси, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарларнинг қопланганлиги, Президентдан, айрим ҳолларда халқдан кечирим сўраганлиги, келгусида бу йўлга бошқа кирмаслик ҳақидаги ваъдалари каби жиҳатлар ҳам эътиборга олинади.

Мустақиллик йиллари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1991 йил 1 марта, 1992 йил 2 марта, 1995-2016 йилларда 1 мартадан амнистия акти эълон қилинган. Уларнинг 1991-2004 йил давомида эълон қилинганлари ўша вақтда амал қилган конституциявий нормаларга мувофиқ Президент фармонлари, 2005-2016 йилларда эълон қилинган амнистия актлари Сенат қарорлари асосида амалга оширилган. 1994 йил 19 августда Президент томонидан афв эълон қилинган, аммо мазкур фармон ҳам мазмунан амнистия актини такрорлаган. 

Албатта, бу амнистия ҳужжатлари ўз даврида инсонпарварлик акти сифатида эълон қилинган. Аммо, бу амалиёт тизимли тус олганлиги жиноят содир этганларнинг жазодан қутилиб қолишига шароит туғдиргани ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас...

Ўша йилларда прокуратура ва одил судлов органларида ишлаб гувоҳ бўлгандим-ки, жиноят қилганлар ҳар йили амнистия эълон қилинишию унинг асосида жазодан қутилиб қолишини олдиндан билишарди. Айниқса, тергов ва суд органлари атрофида пайт пойлаб юрадиган айрим фирибгарлар учун бу амалиёт жуда қўл келарди ҳам. Жазодан қутилиб қолишини билган кўплаб гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчилар суриштирув ва тергов, шу жумладан, суд тергови жараёнларида жабрланувчидан кечирим сўраш, етказилган зарарларни қоплаш ўрнига беписандлик кўрсатишган ҳоллари ҳам кўп бўлган.

Очиғини айтиш керак, амнистия билан жазо муддатларининг қисқартирилишидан ташқари аксарият ҳолларда қасддан содир этиладиган ва жазо санкциясида беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо назарда тутилган, шунингдек, муддатидан қатъи назар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар бўйича гумонланувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, маҳкумлар асосий жазодан тўлиғича қутилиб кетарди. Бу эса, мазкур ишлар бўйича жабрланувчиларнинг ҳақли эътирозларига, норозичиликларига сабаб бўларди.

Ёппасига амнистия бериш бошқа халқларда ҳам қўлланиладиган амалиёт. Аммо бу амалиётнинг жабрланувчилар ва жамият манфаатларига ҳар доим ҳам мос келмаслигини эътиборга олган Президент Шавкат Мирзиёев амнистия амалиётини афв амалиётига алмаштирди. 

Пировардида, Янги Ўзбекистон сиёсатига афв институти янги амалиёт сифатида кириб келди. Бу институт демократик тузум қарор топган, инсонпарварлик ва адолат тамойилларига амал қилинадиган юртда тарбиянинг янги ва самарали усули сифатида қўлланилмоқда.

Ваҳоланки, айбига иқрорлик ва кечирим сўраш – хатони тўғрилашнинг аввалидир.

Афв – бу айбдорни кечириш, қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлганнинг узрини қабул қилишдир. Бу институтнинг афзаллиги, икки томон манфаатлари учун адолатли ёндашув бўлиб, жабр етказувчи ва жабр кўрувчилар манфаатини бир хилда ҳимоя қилади. Энг муҳими, бу акт унинг номидаёқ баён қилинганидек, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларга нисбатангина қўлланилади.

Ҳа, адолат адолатли бўлиши керак. Ўшандагина жамият ривожланади, одамлар рози бўлади.

Президентнинг “Келинг, ўзимизга бир савол берайлик: аслида, одамни суд қилишдан мақсад нима? Уни тарбиялаш, тўғри йўлга солиш эмасми?, деган сўзлари том маънодаги ҳақиқат ва адолатдир. Шу сабабли маҳкумларни афв этишга қаратилган ва Ўзбекистон тарихида биринчи марта амалиётга жорий этилган афв этиш институтининг мақсади тарбияга, кечирим сўрашга ва кечиримни қабул қилишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Натижада, Президент Шавкат Мирзиёевнинг афв этиш ҳақидаги фармонлари асосида 2019-2020 йиллардабир неча юзлаб маҳкумлар афв этилди. Жорий йилнинг Наврўз байрами арафасида ҳам 140 нафар маҳкумга нисбатан афв акти қўлланилганлиги бу мамлакатда ҳеч бир инсон эътибордан четда эмаслигининг далолатидир.

Дарҳақиқат, жиноий йўлларга кириб қолган, эндиликда ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқариб олган фуқароларга мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар жараёнида афв қилиш орқали оиласи ва жамият олдидаги маънавий қарзини узиш учун имконият берилмоқда. Зеро, жазодан ҳам, афвдан ҳам мақсад битта – тарбия.

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+