Аёллари эъзоз топган юрт

28.01.2022 16:01:10

 Бугунги кунда ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларида, у давлат ва жамият қурилиши, ўзини-ўзи бошқариш органи бўладими ёки таълим тарбиями, соғлиқни сақлаш тизими бўладими, фермерлик ва тадбиркорлик, спорт ва маданият ёки санъат йўналишлари бўладими, жамики барча соҳалар равнақи, эл-юрт фаровонлиги йўлида эришаётган муваффақиятларимиз замирида, аёлларимизнинг ҳам муносиб самарали ҳиссаси ва фидоийлиги мужассамдир.

Айни пайтда юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий савияси, ижтимоий фаоллиги тобора юксалиб бораётганини давлат ва жамият бошқарувининг барча бўғинларида, суд-ҳуқуқ тизимида, нодавлат ташкилотлар, ижтимоий тузилмалар фаолиятида, умуман, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида яққол кузатиш мумкин.

“Адолат” СДП ҳам “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган айни даврдаги ишларга ҳурмат назари билан қараб, партия тизимида ҳам  “Аёллар қаноти” жамоаларида хотин-қизлар манфаатларини кўзлаган ҳолда самарали фаолият олиб бормоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 26 январь куни "Адолат" СДП Жиззах вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлими ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ҳодимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга барча керакли шароитларни яратиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу эса ўз навбатида, нозик хилқат эгаларининг шаъни, ор-номуси юксак даражада қадрланишига хизмат қилиши таъкидланди. Аммо шунга қарамасдан, сўнги пайтларда айрим шахслар томонидан аёлларга турли хил кўринишдаги тазйиқларни ўтказиш, уларни хўрлаш, камситиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.

Маълумки, қонунларимизда ҳар қандай зўравонликка нисбатан жазо белгиланган. Ҳеч кимнинг инсонни, аёлни таҳқирлашга, унинг шаънини ерга уришга ҳаққи йўқ. Биз бундай муносабатларга мутлақо қаршимиз.

Мазкур меморандум жамиятда хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлаш, уларнинг оила ва жамиятда ҳамда жамоат ва давлат ишларини бошқаришда ролини ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, энг муҳими турли кўринишдаги зўравонликлардан, таҳдидлардан ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этишига ишончимиз комил.

Шаҳноза СОАТОВА,

Адолат СДП Жиззах вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+