Бош қомусимизда ёшлар таълим-тарбиясига эътибор

01.12.2022 15:12:16

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан келажак авлод ҳақида қайғурилган, маънавиятимизни тиклаш ва янада юксалтириш, миллий таълим-тарбия тизимини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиш, ватанпарвар бўлиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз кучи, билим ва салоҳиятини намоён этиши учун бугун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам баркамол авлодни тарбиялашда ғоявий-тарбиявий аҳамияти беқиёс. У ёшларда Ватанга садоқат, мардлик, ўзаро дўст - биродарлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади. Айниқса, асосий Қонунимизда халқимизнинг кўп асрлик анъаналари, урф-одатлари мужассамлашгани бош Қомусимизнинг муҳим хусусиятларидан биридир. Унда жамиятнинг барча қатламлари сингари вояга етмаганларнинг ҳам барча турдаги шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41, 45, 64, 65-моддаларида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари мустаҳкамланган бўлиб, ушбу моддалар вояга етмаганларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Асосий Қонунимизда белгилаб берилган ва кафолатланган деярли аксар ҳуқуқ ва эркинликлар ёшлар ва вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Зеро, ёш авлодни ижтимоий ва маънавий жиҳатдан асраб-авайлаш, уларни билимли қилиб тарбиялаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини яратиш давлатимиз олдига қўйган юксак вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида эса билим олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида эканлиги қатъий белгиланган.

Ўз навбатида ёшлар ҳам Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бурч ва мажбуриятларини бажаришлари лозим. Унга кўра, ёшлар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга (48-модда), шунингдек, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб авайлашга мажбурдирлар ( 49-моддаси). Шунингдек атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари шарт. Конституциямизнинг 52-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш -Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир.

Бош қомусимизда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларининг кенг қамровда кўрсатилиши давлатимизнинг ёш авлодга яратиб берган улкан имкониятларидан далолатдир. Президентимиз иборалари билан айтганда, токи униб-ўсиб келаётган ёш авлод Конституциянинг маъно-мазмунини, у истиқлол йилларида эришилган улкан тарихий ютуқ эканлигини англаб етсин. Токи Конституция биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қати назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя эканлигини ҳис этиб турсин.

Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунлари, ёшлар ишлари соҳасига оид Президент фармонлари, қарорлари ҳамда «Ўзбекистон ёшлари — 2030» концепцияси ёшларимизга замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия бериш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ташкил этилди.

Жаҳонга маълум бўлиб бормоқдаки, ҳозир Ўзбекистон Республикасида барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида Ҳаракатлар стратегияси, бугунги кунда эса Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ётади ҳамда «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» деган эзгу ғоя асосида амалга ошириб келинмоқда.

Жаҳон тажрибаси ўрганилиб, янги тартиб-қоидалар, замонавий таълим усуллари жорий этилмоқда. Жумладан, хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Нодавлат таълим масканлари давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани туфайли ҳозирги вақтда уларнинг сони 195 тага етди. Буларнинг барчаси ўз ижобий натижасини бермоқда. Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун 2020-2021 ўқув йилини ўзида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди.

Ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, яъни жамият ҳаётида фаол бўлиши келажакка ишонч туйғуси асосида шаклланади. Қачонки инсон жамият барқарор ривожланишига ишонса, жамият қонунларининг устувор мавқейини англаса, келажакка қатъий ишонсагина унинг хатти-ҳаракати муайян маъно касб этади. Ёшларда ижтимоий фаоллик шаклланишида азалий, умуммиллий, диний ва ахлоқий қадриятларнинг ҳам муносиб ўрни бор.

Биз демократик ҳуқуқий давлатда яшаяпмиз, келажакда унинг юқори босқичи бўлган фуқаролик жамиятини қарор топтиришни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу жамият фуқароларнинг эркин ва демократик фаолиятларининг кенг намоён бўлишини тақозо этади. Келажагимиз бўлган ёшлар ўқишда, спортда, илмий-техник ижодда, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишда, мустақил ҳаётий позицияга эга бўлишининг аҳамияти ортиб бормоқда. Бунинг учун биринчидан, оилада соғлом муҳитнинг бўлиши; иккинчидан, таълим муассасаларида сифатли ўқитиш; ўқувчининг фикрини эшитишни ва эркин мунозарани йўлга қўйиш; учинчидан, мустақил фикр юритиш кўникмаларини ҳосил қилувчи ижтимоий муҳитни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Бундай олижаноб сифатларга эга бўлиш ёшлардан билим, юксак эътиқод ва шижоатни талаб этса, жамиятдан эса демократик тамойилларнинг барқарорлиги, ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамлиги ва жамият аъзоларини фидойилиги каби омилларнинг ривожлантиришни талаб этади.

Дилафруз Тўйчиева,

Қарши шаҳар 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+