Бошқанинг ғоясини байроқ қилманг, жаноб Қодиров!

06.09.2021 16:09:08

Яқинда “Миллий тикланиш” партиясининг лидери Алишер Қодиров Президентликка номзод сифатида ўзининг сайловолди дастури билан чиқиш қилди. Унинг нутқида таажжубга соладиган нуқталар бор. Қизиқ, “Адолат” СДПнинг 2019 йилда тасдиқланган сайловолди дастуридан кўчириб ўзига “байроқ” қилиб олиш қанчалик мантиққа мос келаркин?

Биринчи раддия – “...фаолият кўрсатаётган жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларни бирлаштириш...”

Хўш, ҳурматли “Миллий тикланиш” ДП лидери, “Адолат” СДПнинг 2019 йилги сайловолди дастурининг “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” бобида ёзилган: “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақомини беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш ғоясини илгари сурган ва ҳозирда вилоят миқёсида ҳар тўрттала суднинг бирлаштирилгани, айни пайтда, судларни туманлар кесимида бирлаштириш жараёни кетаётганини билармикин?

Иккинчи раддия – жаноб Алишер Келдиевич ўз сайловолди дастурида “...жазони ижро этиш муаассалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади” дея иддао қилди. Ҳолбуки, “Адолат” СДПнинг
2019 йил сайловолди дастурида бу масалани устувор вазифалардан бири сифатида ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва бу борада “МТ”дан кўмак олиш ниятида эмас.

Учинчи раддия – ажабки, ҳурматли А.Қодиров яна ўша ўзининг сайловолди дастурида “...мустақил тергов қўмитаси ташкил этилади” демоқдалар, баралла. Ваҳоланки, “Адолат” СДПнинг амалдаги сайловолди дастурида “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” бобида “...дастлабки тергов устида назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз” деб ёзиб қўйилган. “Адолат” СДП бу ташаббусни “МТ”га ҳадя қилган ёки бу борада қатъий позициясидан чекинган эмас.

Кўп партиявийлик тизимида ҳар бир сиёсий партия ўз сўзига эга бўлиши жуда муҳим. Чунки жамиятда, омма онгида қарашлар турлича бўлиб, халқ шунга ҳамоҳанг равишда ўз сиёсий диди, мақсад-муддаолари акс этган сиёсий кучни қўллаб қувватлайди, ортидан эргашади. Шак-шубҳа йўқки, барчамизнинг мақсадимиз бир – Ватан ободлиги, юрт тинчлиги, эркин ва фаровон ҳаёт. Аммо ана шу мақсадга эришиш учун ҳар биримиз ўзимизга хос йўлни танлаганмиз. Табиийки, йўлини тополмай адашиб юрганлар ҳам бор. Уларга кўмаклашишни бурчимиз, деб биламиз.

Бизнинг фикримизча:

  1. Номзод ва “Миллий тикланиш” ДП номзоднинг сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқаётганда, аввало, қайси партиядан номзоди қўйилаётганлигини инобатга олиши ва ушбу партиянинг сайловолди дастуридаги устувор вазифаларни илгари суриши лозим.
  2. “Миллий тикланиш” ДП номзодни тасдиқлаётганда унинг сайловолди дастури партия сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлишига асосий урғуни бериши ва келажакда партия томонидан ўзининг олдига қўйган устувор вазифаларга айнан ушбу номзод орқали эриша оладими, йўқми деган саволга жавоб бериши лозим.
  3. “Миллий тикланиш” ДП ва номзод ўзига рақиб саналган бошқа партияларнинг сайловолди дастуридан етарлича хабардор бўлиши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, саволлар туғилади:

  1. “Миллий тикланиш” ДП “Адолат” СДПга кўмаклашиб, “Адолат” СДПнинг устувор вазифаларини амалга оширишга ёрдамлашмоқчими?
  2. “Миллий тикланиш” ДПда “ғоявий бўшлиқ” пайдо бўлдими?
  3. “Миллий тикланиш” ДП эски ғоялари билан кўзлаган кўп мақсадларига эриша олмадими? Эҳтимол сайловга янгича ғоялар билан кирамиз деган умиддадир, аммо бу “Адолат” СДПнинг ғояларини очиқдан-очиқ ўғирласа бўлаверади, дегани эмас-ку. Бизга дўстона мурожаат қилишса, бир дунё “теша тегмаган” ғояларимиз бор, бажонидил, ўртоқлашамиз. Лекин, очиқдан-очиқ бировнинг ғоясини ўзиники қилиб олиш сиёсий куч обрўсига тўғри келмас-ов.

Демократик сайлов жараёни ипидан игнасигача қонун-қоидалардан иборат. Номзод бир нафасда сайланиб, бўлажак Президентнинг сайловолди дастури бир зумда ёзилиб ва тасдиқланиб кетавермайди. Шундай экан, сиёсий куч етакчиси ўз партияси шаънини ҳимоя қилиши, бу учун етарлича сиёсий салоҳиятга эга бўлиши даркор. Юқоридаги каби ҳолатларда эса номзод уни қўллаб-қувватлаётган партия имиджига салбий таъсир кўрсатиб қолиши ҳеч гап эмас.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+