Муаммо партия депутати томонидан ўрганилди

21.05.2021 15:05:47

Бир неча кун давомида ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қибрай туманида 9 гектар қулупнай майдони бузилиб, вайрон қилингани ҳақидаги видеолавҳа муҳокама қилинди.

Ушбу видеолавҳада кўрсатилган ер майдони “Чинкелди” МФЙ Янгиобод қишлоғи М.Бехбудий кўчасида жойлашган “Саидвали ҳожи” фермер хўжалигига тегишли бўлиб, жами  20,9 гектарлик майдоннинг 8 гектарига қулупнай экилган. Видеода эса 9 гектар қулупнай вайрон қилинди, дейилган.

Ушбу ер участкаси “Янги Ўзбекистон” боғи, “Истиқлол” мажмуаси ва бошқа объектлар қурилиши учун ажратилган ҳудуд таркибига киради. Янги боғ қурилиши тўғрисидаги топшириқ берилганидан кейин деҳқонларга огоҳлантирувчи хат юборилган. Улар билан келишувга эришилган ва баённомалар расмийлаштирилган.

“Саидвали ҳожи” фермер хўжалиги томонидан ер майдонларидан экин экиб фойдаланиш учун деҳқонлар билан ўзаро оғзаки (ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмаган) келишувга асосан иккиламчи ижарага берилган. 2020 йилнинг 29-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси (241-модда) инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек лалми ерлар ва ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерлари - Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарига, яйловлар, бўз ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар – Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган инвесторларга уч йилдан қирқ тўққиз йилгача бўлган муддатга ижарага берилиши мумкинлиги тўғрисидаги норма билан тўлдирилди. Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 13 ва 16-моддаларида ҳам фермер хўжалигига берилган ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалик экинларини қайта экиш ёки оралиқ экиш учун (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) иккиламчи ижарага бериш мумкинлиги ҳақидаги норма билан тўлдирилди.

Бу ҳолатда, “Саидвали ҳожи” фермер хўжалиги томонидан деҳқонларга ер ноқонуний тарзда ижарага берилган. Аслида деҳқон ва унинг нобуд қилинган экин майдонига нисбатан жавобгарлик фермерга нисбатан бўлмоқда. Яна бир жиҳат - фермер хўжалигининг ер майдонлари давлат эҳтиёжлари учун олинганлиги (олдиндан огоҳлантириш хатлари берилган) муносабати билан фермер хўжалигига етказилган зарар белгиланган тартибда қоплаб берилади. Ушбу маблағлар фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказилгандан сўнг, фермер хўжалиги билан иккиламчи ижарада фойдаланиб келган деҳқонларга келтирилган зарарни қоплаш “Саидвали ҳожи” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилиши бўйича далолатнома расмийлаштирилган.

Фермер хўжалигининг ер майдонлари давлат эҳтиёжлари учун олинганлиги муносабати билан фермер хўжалигига етказилган зарар белгиланган тартибда қоплаб берилади. Ҳеч ким норози ҳолатда қолдирилмайди. 

2021-йилнинг 20 май куни “Саидвали ҳожи” фермер хўжалигида деҳқончилик қилаётган 9 та деҳқонлар оиласига йиғилмаган қулупнай ҳосили учун бозор нархида ҳисобланиб, товон пули тўлаб берилди. Ҳар бир оилага 20 миллион сўмдан пул тарқатилди ва бу бўйича деҳқонларда ҳозирги кунда норозилик йўқ. Сабаби дастлабки ҳосил йиғиб олинган ва товон пули йиғиб олинмаган ҳосил учун тўланди.

 Шу майдондаги ҳосили йиғиб олинмаган картошка учун гектарига 80 миллион сўмдан, седана учун ҳар килограммига 50 минг сўмдан товон пули ўрганиш комиссияси хулосаси эълон қилиниши билан тўлаб берилади. Айни вақтда экспертлар етказилган зарар миқдорини ҳисобламоқда.

Яна бир жиҳат, ушбу видео юзасидан кўпчилик томонидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан салбий фикрлар қолдирилмоқда. Таъкидлаш керакки, ердаги ҳосилни териб олиш, ўриб ташлаш ёки буздириш ишларига Ички ишлар ходимлари алоқадор эмас. Жараёнда иштирок этган ички ишлар органлари ходимлари фақатгина келиб чиққан жанжални тўхтатиш, жамоат тартибини сақлаш каби хизмат бурчини бажаришган холос. Бундай ҳолатда ИИО ходимлари келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида жалб этилади.

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари

Қибрай тумани кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+