Бухоро вилояти Конституция билимдони аниқланди

25.11.2022 16:11:27

8 декабрь мамлакатимизда Конституция байрами кенг нишонланадиган кун, бу йил Конституциямиз қабул қилинганига 30 йил тўлади. Тараққиётнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган ушбу ҳужжатга бағишланган тадбирлар партиямиз томонидан ҳар йили анъанавий тарзда кўтаринки кайфиятда ўтказилиб келинмоқда.

Шу жумладан, ёшларнинг сиёсий билимлари ҳамда ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, билимли ҳамда қобилиятли ёшларни аниқлаш мақсадида «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейи фаоллар залида партиянинг «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Конституция билимдони» кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.

Кўрик-танловда вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлга киритган ўқувчилар қатнашдилар.

Тадбирни партия Вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов кириш сўзи билан очиб, яқинлашиб келаётган конституция байрами билан барчани табриклади. Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини англаш, унинг аҳамиятини тушуниш ҳар бир инсон учун ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади. Танлов орқали кўплаб билимли, қобилиятли ҳамда изланувчан ёшларни аниқланиши айтилди. Шу билан бирга Мақсуд Ҳамидов барча иштирокчи ўқувчиларга омадлар тилаб, тадбирни очиқ деб эълон қилди.

Танлов белгиланган низом асосида 3-босқичда ташкил этилди. Бўлиб ўтган танловда 1-шарт таништирув шарти, 2 - шарт – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билиш даражаси ва «Сиёсий партиялар» тўғрисида савол-жавоб, 3 – шарт – эркин мавзу деб номланиб, бу шартда иштирокчи томонидан «Адолат» социал-демократик партияси менинг тасаввуримда» мавзусида ижодий иш тайёрлаш каби йўналишлар асосида ўқувчилар ўзаро беллашдилар. Қолаверса, тадбирда иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятлари ҳам алоҳида эътиборга олинди.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқишларини очиқ, ошкора овоз бериш йўли билан одилона баҳолаб бордилар.

Партия томонидан ўтказилган кўрик-танлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилиб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Иштирокчилар чиқишларини якунлагандан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбир сўнгида хулоса ва изоҳлар берилди.

Қизғин музокаралардан сўнг натижага кўра, 3-ўринни Вобкент туман 23-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Гулчирой Хамроева, 2-ўринни Бухоро шаҳридаги Ички ишлар академик лицейи 2-босқич талабаси Нуралиев Бехруз эгалладилар. Энг юқори кўрсаткични Когон туман 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Нарзиев Асадбек Убайдулло ўғли биринчиликни олиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорларга 1-2-3-даражали ДИПЛОМ хамда барча иштирокчи ўқувчиларга фаол иштирок этгани учун шунингдек, ўқувчи ёшларни тайёрлаган ўқитувчи ва мураббийларига партия вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

«Мана шу каби кўрик-танловлар ташкил этилиши биз ўқувчиларни жуда руҳлантиради, бизларни ўқишга, билим олишга бўлган иштиёқимизни янада кучайтиради, бугунги «Адолат» партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан ўтказилган танловда ҳам биз ўқувчилар янада кенгроқ билимга эга бўлишга эришдик, тенгдошларимиз билан фикрлар алмашдик ҳамда ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимизга туртки бўлди», - дейди республика босқичига йўлланмани қўлга киритган Когон туман 1- умумтаълим мактаби ўқувчиси Нарзиев Асадбек Убайдулло ўғли.

Санжар Майдонов

“Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгаши раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+