Дастур сайловчилар томонидан маъқулланди

07.10.2021 11:10:48

 

Пастдарғом туманидаги маданият уйи эрта тонгдан ёши улуғ отахон, онахонлар, маҳалла фаоллари, ёшлар билан гавжум бўлди. Ушбу манзилда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили, партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бабабекова пастдарғомлик фуқаролар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, таълим соҳаси вакиллари, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, ёшлар, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Партиянинг Пастдарғом туман Кенгаши фаоли Зебо Тураева дастлаб йиғилганларга номзоднинг ишончли вакилини таништириб, М.Бабабековага сўз берди. Муҳиба Бабабекова иштирокчиларга Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастуридаги устувор вазифалар, асосий йўналишлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Шундан сўнг сўз олган маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, Ёш адолатчилар қаноти аъзолари номзод дастуридан ўрин олган ҳаётбахш ғоялар, халқ фаровонлиги, ёрқин келажаги йўлида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Гулбека Қучқарова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

 –  Барчамизга маълумки, бугунги синовли кунларда, пандемия даврида озиқ-овқат инсон ҳаёти учун жуда муҳимлигини, озиқ-овқат хавфсизлиги, унинг таъминотини яхшилаш долзарб масала эканини бутун инсоният тушуниб етди. Чунки, экологик инқироз халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларига шиддат билан кириб бормоқда. Бунинг натижасида эса албатта инсон саломатлигига салбий таъсири сезилади. Сабаби, экологик тоза сув, ҳаво, озиқ-овқат тобора камайиб бормоқда, касалликлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги вақтларда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жадал ўсиб бораётгани, дунёнинг баъзи минтақаларида аҳоли кескин озиқ-овқат тақчиллигини бошидан кечираётгани ҳақида маълумотлар бежизга тарқалаётгани йўқ. Аҳолини экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат билан таъминлаш тобора қийинлашиб бормоқда. Ана шундай муҳим масала Ўзбекистонда “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – 2030” концепциясини ва бу борада манзилли дастурларни ишлаб чиқиш борасида номзодимиз дастурида кўтарилгани эътиборга молик-ки, бунинг негизида халқимиз фаровонлиги, аҳоли хотиржамлиги ётибди.

Фаррух Рустамов, “Хумо” ўқув маркази раҳбари, тадбир иштирокчиси:

 – Ўзим таълим соҳасининг одами бўлганим учун эътиборимни тортган жиҳатидан энг биринчиси - учта таълим вазирлиги: Мактабгача таълим, Халқ таълим ва Олий таълим вазирликларини ягона - Таълим вазирлигига айлантириш масаласи бўлди. Бу йўлни жуда оқилона йўл деб ҳисоблайман. Учта вазирлик орасидаги бўшлиқ тўлдирилади. Мактабгача таълимдан сўнг халқ таълимига, халқ таълимидан сўнг Олий таълимга ҳар томонлама тайёр бўлиб етишади. Иккинчидан, барча тўловларни (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) давлат бюдежтига тушишини таъминлаш халқ фаровонлиги, соҳалар ривожига жуда катта ҳисса қўшади. Яна бир масала, адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқиш, бунда жарималарни халқнинг реал даромадларига мутаносиб равишда белгилаш таклифи илгари сурилаётгани ҳам халқчиллиги билан эътирофга муносиб, деб ўйлайман.

Гулшан Султонова, “Фурқат” маҳалла фаоли, тадбир иштирокчиси:

 – Дастур билан танишиб чиқар эканман номзод олдига қўйилган вазифалар бугунги кун учун ниҳоятда долзарблиги билан эътиборимни тортди. Айниқса, нарх-навонинг сунъий кўтарилишининг олдини олиш, сифатсиз маҳсулотлар чиқарилганлиги учун жавобгарликни кучайтириш борасидаги таклифини қизғин қўллаб-қувватлайман.

Шунингдек, тадбирда сўз олган бошқалар ҳам “Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди дастурда таълимнинг барча йўналишлари, бу мактабгача, умумий ўрта таълим, олий таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизими, илм-фан, халқаро муносабатлар юзасидан кўтариб чиқилаётган аниқ таклифлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда, қулайликлар яратилишида хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Учрашув якунида иштирокчилар томонидан ҳудудда мавжуд муаммолар ҳам ўртага ташланди. Хусусан, Пастдарғом туманида ичимлик суви муаммосини бартараф этиш, “Янги авлод” маҳалласидаги 99-умумтаълим мактабига узоқ ҳудуддан қатнов учун микроавтобус қатновини йўлга қўйиш, мактабларда, олий таълим даргоҳларида кам таъминланган, етим ўқувчилар учун бепул иссиқ овқатлар ташкил этиш борасида таклифлар, мурожаатлар кўтарилди. Мурожаатлар тегишлилигича қайд этилиб, вилоят, туман Кенгаши депутатлари томонидан сўровлар чиқарилиши, ижроси бўйича сайловчиларга маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Тадбир иштирокчилари томонидан бу каби учрашувлар нафақат туман марказларида, балки чекка-чекка қишлоқларда ҳам ташкил этиш борасида таклифлар билдирилди.

 

Лола САЙИДОВА,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+