Долзарб масалаларни қамраб олган дастур

13.10.2021 15:10:37

Бу йилги Президентликка сайлов кампанияси ҳаётимда унутилмас из қолдирадиган бўлди. Чунки илк бор ана шу юксак лавозимга “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод – Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг вилоятдаги ишончли вакили бўлдим. Шу туфайли ҳар куни жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказяпмиз. Фуқароларда номзодимизнинг таржимаи ҳоли, яъни босиб ўтган ҳаёт йўли катта таассурот қолдираётганини сезиб турибман. Сайловолди дастурида қўйилган масалаларнинг долзарблиги, жамиятдаги муаммоларни очиқ-ойдин эътироф этилгани ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Одамлар ўзларининг фикрларини бевосита мулоқот чоғида ҳам, учрашувдан кейин норасмий тарзда ҳам баён этаётганликлари бунга ёрқин далил бўлади.

Албатта, омма олдида чиқиш қилиш осон иш эмас. Айниқса, Президентликка номзоднинг дастурини уларга етказиш учун уни кўп марталаб қайта-қайта ўқиб чиқишга тўғри келди. Ҳар сафарги мутолаадан сўнг янги-янги фикрлар туғилгани сир эмас. Уларни учрашувларимизда қатнашган сайловчиларга айтиб бермоқдаман. Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатларда ҳам бу нарса ўз аксини топмоқда. Дастурни мутолаа қилиш жараёнидаги мушоҳадалардан сўнг юзага келган мулоҳазаларни сизларга баён этмоқчиман.

Ўзим айни пайтда халқ депутатлари Косонсой туман кенгашининг депутатиман. Шунинг учун менда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтиришга қаратилган ғоялар жуда катта қизиқиш уйғотди. Сабаби – бу борадаги анча-мунча муаммолар менга ҳам яхши таниш. Уларнинг ечимини топиш орқали депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш мумкин. Шунда уларнинг бугунги жамиятимиз учун долзарб масалалар билан янада яқинроқ ва астойдил шуғулланишлари учун шарт-шароит яратилади.

Номзодимиз сайловолди дастуридаги муҳим жиҳат – барча йўналишлар бўйича муаммоларнинг ўзини кўрсатиш билан чекланмасдан, уларнинг ечими бўйича таклифлар ҳам берилганлигидир. Бу, ҳеч шубҳасиз, ҳужжатнинг таъсирчанлигини оширган. Коррупцияга қарши кураш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, таълим тизимига янги ислоҳотларни жорий этиш каби мавзулар шулар жумласидандир.

Дастурда давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтиришни таъминлашнинг самарали йўлларини жорий қилиш масаласининг кўндаланг кўйилганлиги эътирофга лойиқ.  Таъкидланганидек, бу борада адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қурилишининг барча жабҳаларида қонунчилик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади. Ишончимиз комилки, бусиз мавжуд салбий иллатларни йўқ қилиб бўлмайди. Бундай назоратни ташкил қилишда партия жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилиши  маҳалла тизими вакилларини қувонтиради.

Дастур орқали республикамиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг асосий мақсади бўлиши кераклиги таъкидланган. Фақат бунинг учун ҳамма соҳада давр талабига жавоб берадиган муносиб кадрларни тарбиялаб вояга етказиш зарур. Бу ишнинг ҳам  ўзига хос мураккабликлари бор.

Университет ва институтларда   рейтинг амалиётини киритиш ва йил якунлари бўйича энг юқори кўрсаткичга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатилиши ёшларни илм олишга бўлган иштиёқини янада кучайтиришга, ўз устида доимий ишлаб боришга ундайди.

Номзодимиз дастурида соғлиқни сақлашга оид масалаларга кенг ўрин ажратилганлиги ҳам эътиборга лойиқ. Соҳа ходимлари ҳақида ғамхўрликни янада кучайтириш керак. Бу, фақат  маошларини оширишда эмас, балки замонавий тиббиёт ускуналари етказиб беришда, дори-дармонларнинг нархини туширишда, малакали кадрларни кўпайтиришда ҳам ўз аксини топиши зарур.

Қисқаси, Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури ҳар бир кишининг қалбидан жой олиши мумкин. Чунки унинг ҳар бир бўлими, ҳар бир сатри мамлакатимизнинг ёрқин келажагини таъминлай оладиган ҳаётий ғоя ва фикрлар билан суғорилган.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,           

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+