Донорлик акцияси Сурхондарёда қизғин ўтмоқда

01.12.2022 17:12:32

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш марказида 3 декабрь – «Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Хайрия тадбирдан кўзланган асосий мақсад, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат. Мазкур донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад партиянинг аҳоли саломатлигини сақлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш ва шу орқали тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир. Бундан ташқари, акция бемор инсонларга қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги, донорларининг жамият учун зарурлиги, қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб боришни ўз ичига қамраб олади.

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан мазкур акция ҳар йили икки марта ўтказиб келинмоқда. Ушбу шиор остидаги тадбир юзлаб кишиларни қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли иш учун бирлаштиради.

Эрта тонгдан бошланган мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, партия аъзолари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа турли соҳа вакиллари, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари иштирок этди. Шунингдек, хайрия акцияси бўйича тиббиёт ходимларидан иборат тиббий сайёр гуруҳи ҳам ташкил этилиб Сурхондарё вилояти Жануби ғарбий махсус ҳарбий округи 11506- ҳарбий қисмида кўнгилли ҳарбийлар ҳам бемор болажонлар учун қон топширдилар.

М.Ўроқов, Сурхондарё вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори:

- Донор қон топширар экан, кимнингдир ҳаётини сақлабгина қолмай, ўз соғлигини сақлашга ҳам эришади. Чунки мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туриш ва қон таҳлилларини топшириш, киши саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиб боришига хизмат қилади. Ҳозирда дунёнинг 70 та давлатида қон захираси кўнгилли донорлик ҳисобига йиғилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан қон таркибий қисмлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун ҳар 1000 аҳолига нисбатан 40-60 тадан қон топшириш керак бўлади. Бизнинг юртимизда эса ҳар 1000 кишига қон топширишлар сони 4, 8 тани ташкил этмоқда. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик - кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.

Айтиш жоизки, акцияда қатнашган кўнгилли донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир. Улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донор бўлишдек савобли ишда иштирок этдилар.

Тадбир якунида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+