Донорлик - беғараз хайрия ва савобли иш

01.12.2022 15:12:03

Қон бу ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ва сунъий равишда ишлаб чиқиб бўлмайдиган инсон ҳаётидаги муҳим неъмат ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда донорлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон «Адолат» СДП ташаббуси билан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни ҳамда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги арафасида «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши томонидан ҳам мазкур акция доирасида партия фаолларидан иборат кўнгилли донорлардан қон қабул қилиш ишлари бошлаб юборилди.

Бугун Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар қон қўйиш бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган донорликда кўплаб юртдошларимиз саховатли ишга бош қўшдилар.

Акция давомида Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари,Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, вилоят ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари, ёшлар ва кўнгилли партия хайрихоҳлари иштирок этишди.

- Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим, – дейди партия фаоли Матлуба Минаварова. – Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Мен барчани ушбу савобли ва хайрли ишга чорлаб қоламан.

Беғараз донорлик акциясида турли касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар ортидан қон алмаштиришга муҳтож бўлган бемор болаларга ёрдам кўрсатиш, ҳаётга қайтишларига кўмак бериш ҳамда соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган элликдан ортиқ ортиқ партия хайрихоҳлари ихтиёрий равишда қон топширишди.

Бугунги ўтказилган акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.

Акцияда фаол иштирок этган кўнгилли донорлар партия томонидан эсдалик совғалар ҳамда ташаккурнома билан тақдирланди.

«Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши

ахборот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+