Фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга тайёрмиз

11.06.2021 18:06:40

Коррупция иқтисодиётимиз ривожига тўсиқ бўлаётган асосий муаммолардан биридир. Коррупция, айниқса, ер ажратиш борасида кўп учраётгани ва бу ерни ажратиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда ваколатли давлат органлари томонидан таниш-билишчилик, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш шаклида намоён бўлмоқда. Натижада ер ҳақиқий эгасига ажратилмаслиги билан бирга, кейинчалик эса ушбу ердан ҳужжатларсиз фойдаланиш каби салбий ҳолатларига сабаб бўлмоқда эди.

Рақамларга эътибор берилса, сўнгги 2 йилда 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож қилинган ёки мақсадсиз бериб юборилган бўлиб, маъмурий судлар томонидан ҳокимликларнинг 7500 дан ортиқ қарорлари қонунчиликка зид бўлганлиги учун бекор қилинган. 588 нафар мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Юқорида қайд этилган вазият ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишни янгича институционал ўзгаришларни назарда тутувчи тизимни яратишни тақозо қилмоқда эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармон айнан юқорида келтирилган салбий ҳолатларга барҳам бериши, келгусида ер ажратиш борасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш ва энг муҳими, ер ажратиш борасида янги шаффоф ва очиқ тизим яратишни мақсад қилган.

Хусусан, Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн аукцион орқали реализация қилиниши белгиланмоқда.

Фармонда белгиланганидек, бу тизимнинг такомиллашиши натижасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратишда шаффофлик ва очиқлик таъминланиши билан бирга, ер участкасининг муносиб эгасига етиб бориши ҳамда келгусида ундан оқилона ва самарали фойдаланиш  таъминланади.

Эътиборли жиҳати, Фармон билан 2021 йил 1 августдан  бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ҳамда туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш борасида қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда.

Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ва вазифаларни ҳаётга тўғри, аниқ ва ўз вақтида татбиқ этилиши борасида Парламент қуйи палатаси томонидан жойларда тушунтириш ишлари ҳамда назорат тадбирлари ҳам амалга оширилади.

 

Дилмурод ИСМАИЛОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+