Фракция аъзолари таклифлар берди

17.01.2022 10:01:15

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Дастлаб депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилмоқда. Яъни, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик сифатида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилиш тартибига риоя этмаслик, маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки уларни очиқ маълумотлар порталига ҳамда расмий веб-сайтларга жойлаштиришнинг белгиланган муддатларига амал қилмаслик ҳолатлари назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ваколатига эгалиги белгиланмоқда.

Фракция аъзолари таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган мажбуриятларни бажаришдаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Тадбирда депутатлар қонун лойиҳасидаги нормалар ҳақида ўзларининг муносабатларини билдирилиб, уни маъқулладилар.

Йиғилишда шунингдек, бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+