Фракцияда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

10.06.2021 18:06:44

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, соҳада ахборот технологияларини жорий қилиш орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бюрократик тўсиқлар бартараф этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 10 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида Президентимизнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти кўриб чиқилди ва ундан келиб чиқадиган фракция вазифалари белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг айни фармони билан соҳада қатор ислоҳотлар олиб борилишига замин яратилмоқда ва ер муносабатларининг аниқ ҳуқуқий ечимлари акс эттирилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланмоқда.

Айниқса, барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилиши қатъий белгиланаётгани соҳадаги муҳим тартибнинг яратилишига хизмат қилади.

Ушбу фармоннинг қабул қилиниши маънан эскирган ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайта кўриб чиқилишига ва ер муносабатларида янги ислоҳотларнинг олиб борилишига асос бўлди. 

Йиғилишда депутатлар томонидан ҳудудларда ўтказилган учрашувларда сайловчилар томонидан билдирилаётган эътирозларнинг аксарияти ҳам ер бериш тартиби, ердан фойдаланиш ҳуқуқларининг бузилганлик ҳолатлари билан боғлиқ мурожаатлар кўп учраётгани айтилди. Айниқса, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликнинг тўлақонли йўлга қўйилмаганлиги натижасида сўнгги вақтларда коррупцион ҳолатларнинг ҳам кўпчилиги айнан ер билан боғлиқ муносабатларда юзага келмоқда.

Фракция депутатлари давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тартиби таъқиқланаётганига алоҳида тўхталиб, бу орқали соҳадаги коррупция ёки таниш билишчилик каби салбий иллатларга барҳам беришга хизмат қилишини айтиб ўтишди.

Шунингдек йиғилишда таъкидланганидек, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши белгиланмоқда. Яна бир муҳим масала, янги тартиб бўйича кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилаётгани долзарб аҳамият касб этиши айтиб ўтилди. Бу эса, кўп квартирали уй-жойлар атрофида ўзбошимчалик билан қуриб олинган иншоотларнинг бузилиши билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг келажакда олди олинишига хизмат қилади.

Фракция аъзолари азалдан ер ажратиш ва ер масаласидаги муносабатлар жуда қалтис масала бўлиб келганлигини айтиб, Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур Фармон чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқилгани ва жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида қабул қилингани эътироф этишди. Айниқса, “Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши” тузилаётгани соҳани тартибга солишда муҳим қадам эканлигини таъкидлашди. Бу борада Республика кенгаши билан фракция депутатлари тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиши масалалари йиғилиш давомида келишиб олинди.

Ер муносабатлари соҳасида адолатни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш, инсон омилини камайтиши, ортиқча сарсонгарчиликни камайтиши мақсадида эндиликда электрон онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш, келишиш, аукцион ва танловда иштирок этиш учун мурожаатларни қабул қилиш, аукцион ва танловни ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар, истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга оширилади.

Шунингдек, депутатлар йиғилиш давомида ўз олдига бир қатор вазифаларни белгилаб олишди. Хусусан, ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлар давомида мазкур Фармон мазмун-моҳиятини кенг аҳолига етказиш ва ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш белгилаб олинди.

Шу билан бирга депутатлар томонидан ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш зарурлиги ҳам муҳим вазифа сифатида қайд этилди. Яна бир муҳим вазифа – ер ажратиш ва ундан фойдаланиш жараёнларига ахборот-коммуникация воситаларини кенг жорий қилиш орқали соҳада рақамлаштириш жараёнларини тезлаштиришга кўмаклашиш белгилаб олинди.

Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+