Ғамхўрликдан миннатдор

19.05.2022 17:05:36

Туманимиз тоғолди ҳудудида, вилоят марказидан анча олисда жойлашган. Аммо бу, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишда қандайдир камчиликлар бўлса, уларга эътибор берилмайди, дегани эмас. Аксинча, саломатлигини тиклаш юзасидан мурожаат қилган ҳар бир инсон биздан рози бўлиши лозим. Давлатимиз раҳбари ҳам мазкур масалага жиддий эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Шифокорларимиз ҳам шу аснода меҳнат қилиб, халқ саломатлигини асраш йўлида ўз билимлари ва куч-ғайратларини тўла сафарбар этмоқдалар.

Жамоамиз аъзолари Президентнинг яқинда қабул қилинган “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини кўтаринки руҳда кутиб олдилар. Ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини ходимларимиз ўртасида кенг тушунтирмоқдамиз. Албатта, ҳамма кўрсатилаётган ғамхўрликлардан миннатдор бўлмоқда.

Маълумки, ушбу ҳужжатга биноан тиббиёт, фармацевтика ва давлат тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимларининг ойлик расмий маошлари жорий йил 1 июндан бошлаб оширилади. Жумладан, олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга кўтарилади. Иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10 фоизга, тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15 фоизга оширилади. Бу, албатта, елкамизга қўшимча масъулият юклайди.

Куни кеча туманимизнинг учта марказдан олис маҳалласида янги тиббиёт пунктлари фойдаланишга топширилди “Хонқўрғон”, “Кушон”, “Сойча” МФЙ фуқаролари энди уйлари яқинида жойлашган  шохобча (контейнер) ларда шифокорлар хизматидан баҳраманд бўладилар. Уларга электр, сув, канализация тармоқлари улаб берилган, қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Бундай қулайликдан барча хурсанд.

Шерали РАҲИМОВ,
Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+