Гендер тенглик – депутатлар эътиборида

06.05.2021 17:05:32

“Адолат” СДП Қибрай тумани Кенгаши фаоллари ва Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова томонидан тумандаги “Тошкент иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида  энергетика соҳасида  хизмат қилаётган хотин-қизлар билан “Гендер тенглик: жамиятда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлиги” мавзусига бағишланган  давра суҳбати ўтказилди.  

Унда депутат Гулнора Аҳмедова Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори мазмун-моҳияти ва олдинда турган устувор вазифалар тўғрисида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда, айниқса, аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида рўёбга чиқарилмоқда.

Йиғилишда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган бу ва бошқа ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўзбек аёли сифатида шуни айтаманки, давлатимиз раҳбарининг гендер тенглик борасида олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли бугун ҳар бир аёл қалбида нафақат сиёсий фаол бўлиш, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита иштирок этиш иштиёқи жўш урмоқда, дейди,– дейди корхона ходими Гулмира  Журашева. –   Корхонада илгари ҳам аёлларнинг муаммолари ўрганилган.  Аммо ҳеч ким ҳар бир аёлнинг аниқ муаммосини ҳал этиш учун масъул бўлмаган.  Бугун эса ишнинг тартиби ўзгарди. Энди нафақат ҳар бир аёлнинг муаммоси алоҳида ўрганилмоқда, балки ечими, муаммонинг бартараф этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда.

Тадбир сўнггида энергетика соҳасида фаол хизмат қилаётган хотин-қизларга эсдалик совғалари топширилди.

 

 Бахтиёр ШЕРМАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай туман  Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+