“Хизмат қасамёди” – бурч ва масъулият кўзгуси

14.06.2021 10:06:51

Жорий йилнинг 11 июнь куни Амир Темур хиёбонида ички ишлар органлари сафдор ходимларининг тантанали “Хизмат қасамёди” тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари Т.Чориев, Ҳ.Хўжамқулов, Ш.Рахмоновлар иштирок этишди.

“Хизмат қасамёди”ни қабул қилган ички ишлар органлари сафдор ходимларини ҳамда уларнинг ота-оналарини, ички ишлар тизимида фаолият олиб бораётган барча азиз инсонларни Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси самимий қутлайди. Шу билан биргаликда келгуси хизмат фаолиятларида улкан зафарлар тилайди.

Ватан равнақи учун хизмат қилишдек улуғ ва олийжаноб мақсадга интилиш, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ҳамда шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳар бир ички ишлар ходимларининг масъулиятли ва шарафли фаолиятларидан бирини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 апрелдаги 5050-сон қарори қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш Концепцияси”да давлат мустақиллигини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Дарҳақиқат, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш олий бурчдир!”. Ички ишлар органи ходимининг қасамёдига содиқ қолиши “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни билдиради. Ишончимиз комилким, “Хизмат қасамёди” ни қабул қилган, ички ишлар сафдорлари, ушбу онлардан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг фармон ва қарорлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, ИИБ ҳайъати қарорларида белгиланган талабларни, Ички ишлар вазирлигининг буйруқ, фармойиш ва кўрсатмаларини содиқлик ва фидойлик билан бажаришга киришадилар. Қабул қилинган “Хизмат қасамёди”га содиқ қолиб, халқ манфаати ва юрт тинчилиги учун фидойилик билан хизмат қиладилар.

Шунингдек, сафдор ва ички ишлар ходимлари ўртасида ўзаро муносабатлар қоидаларига қатъий амал қилиб, бошлиқлар ва ҳамкасбларни ҳурмат қилиш бобида намунали ибрат кўрсатадилар. Доимий равишда ўз билим ва касбий кўникмаларини такомиллаштириб, малака ва ҳуқуқий маданиятларини ошириб борадилар. Хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини муносиб равишда тутиш, жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишда бошқаларга ўрнак бўладилар.

Қалбда нақш каби битилган “Хизмат қасамёди” онлари муборак бўлсин, ички ишлар органлари сафдор ходимлари!
Ушбу шеърий парчалар Сиз, азиз, инсонларга армуғон (совға):

Бу кўнгил Ватан дер, кўзимда Ватан,
Неча боқмасин кўз, яна Ватан дер.
Қалбимнинг энг чуқур ерида ётган.
Муқаддас, муқаддам сўзим Ватандир.

Бу дунёда жаннатмонанд ерлар бисёр,
Бу дунёда оқу қаро эллар бисёр.
Аммо йўқдир бу дунёда сендек диёр
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

Таваккал Чориев,
Ҳазратқул Хўжамқулов,
Шерзод Рахмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари
қўмитаси аъзолари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+