Ҳудудлар билан тўғридан-тўғри алоқа йўлга қўйилади

17.01.2022 09:01:19

Барчамизга маълумки сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳаётимизга тадбиқ этилиши натижасида мамлакатимиз ўз ривожланиш тарихида янги бир даврга қадам қўйди. Юртимиз марказидан тортиб, олис ҳудадлардаги қишлоқ ва овуллар ҳам янги қиёфа касб этиб, юрдошларимизнинг турмуш даражаси яхшиланди.

Ҳар бир оила ва унда истиқомад қилаётган фуқаролар ўз ҳаётларида рўй бераётган ўзгаришларни ҳис қилиб, эртанги кунига бўлган ишончи мустаҳкамланди. Хусусан, халқ билан мулоқот қилишнинг янги механизмлари ҳаётга татбиқ этилди. Қабул қилнаётган ҳар бир ҳужжат ва қонунлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда олиб борилмоқда.

Мамлакатимизнинг келгуси беш йилдаги тараққиётини таъминлашга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Юртдошларимиз томонидан regulation.gov.uz, 2022-2026.strategy.uz ва jamoatchilik.uz порталлари орқали ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали тараққиёт стратегиясида назарда тутилган 7 та йўналиш ва 94 та мақсад бандларига тегишлилиги бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.

Ушбу ҳужжатда кўзланган ҳар бир йўналиш ва мақсадлар нафақат мамлакатмиз шу билан бирга, ҳар бир фуқаромизнинг турмуш тарзи фаровонлигини яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жумладан, маҳалла институти фаолияти самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқарувининг таянч бўғинига айлантириш орқали маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсад қилинмоқда.

Бунинг натижасида, биринчидан, минглаб маҳалла ва маҳаллий даражада ҳал этиладиган муаммолар ечими юзасидан фуқароларнинг вилоят ва республика идоралари олдида сарсон бўлиб юришининг олди олинса, иккинчидан, маҳалладаги муаммоларни тезкор ўз вақтида ҳал этиш учун ҳар бир маҳалланинг ўз моддий ресурси шакллантирилади.

Беш йил олдин “фуқаролар эмас, ҳужжатлар” ҳаракатланади тамойили асосида ҳудудларда ташкил этилган давлат хизматлари марказлари орқали фуқароларга электрон хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган эди. Бугунги кунга келиб 150 дан ортиқ давлат хизматлари фуқароларга электрон тарзда кўрсатиб келинмоқда. Янги тараққиёт стратегиясида назарда тутилган Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиниши натижасида фуқароларга давлат хизматини электрон тарзда кўрсатиш 100 фоизлик кўрсаткичга олиб чиқилади. Бу эса, фуқароларимиз учун энг қадрли бўлган вақтнинг тежалишига, ортиқча ресурс сарфланишининг олди олинишига олиб келади.

Шунингдек, Олий Мажлис палаталарида ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, шу жумладан масофавий ишлаш амалиётини кенг жорий қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурлари муҳокамасида тегишли ҳудуддан сайланган депутат ва сенаторларнинг иштирокини кучайтиришга ҳам аолҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, “Электрон парламент” доирасида депутатларни ўз сайловчилари билан, сенаторларни ҳудудлардаги фуқаролар билан боғлаш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш тизими йўлга қўйилиб, фуқароларга ўз халқ вакиллари билан ҳеч бир тўсиқсиз мулоқотга киришиш амалиёти яратилади.

Ўтган беш йилда давлат бошқарувидаги энг катта ютуқлардан яна бири бу халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш тизимининг йўлга қўйилганлигидир. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида ҳам халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини такомиллаштириш вазифасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатиш, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш йўлга қўйилади.

Яна бир муҳим жараён таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишидир. Яъни жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари ривожлантирилиб, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этилади. Бу эса сўнгги вақтларда юрдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ер олди соттиси, қурилиш, йўл қурилиши каби соҳалардаги коррупцион омилларнинг олдини олишига хизмат қилади.

Бундан кўринадики, келгуси беш йилликда ҳам барча соҳада салмоқли ишлар амалга оширилади, аҳолининг турмуш шароити яхшиланади, юртимиз янада ривожланади.

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+