Инсонлари қадр топган юртнинг толеъи баланд бўлади

23.06.2022 15:06:38

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг қайси гўшасига қарамайлик, яшариш, янгиланиш, бунёдкорлик ишлари айни авжида.

Иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни Биргина Хоразм воҳаси мисолида қарайдиган бўлсак,  Урганч шаҳар марказида оламшумул  аҳамиятга эга бўлган  ўзгаришлардан дилинг қувнайди. Равон йўллар, замон талаблари асосида эътиборингни тортадиган осмонўпар биноларнинг  қад кўтарилгани,  бугун кўрган  бўш жойда  қисқа муддат ичида   дам олиш маскани ёки қайсидир муассаса, ташкилот биносининг  ҳайратланарли даражада шаклланиб, шаҳар кўркига кўрк қўшаётганини гувоҳи бўласиз. Айниқса, тунги чироқларни мавжланиб, шаҳар қиёфасини янада жозибадорлигини оширмоқда.

Урганч шаҳар марказида жойлашган “Амир Темур” истироҳат боғи ҳудудидан   бундан   бир неча йил олдин  кечалари ўтиб –қайтиш  қўрқинчли эди. Қаровсиз ётган боғ фақат номигагина буюк алломамиз номи билан аталар эди.

Эндиликда, истироҳат боғи ободонлаштирилиб,  болажонлар учун турли хил замонавий кўнгил очар ўйин  воситалари билан шаклланди.   Ҳудуд марказида  ёшлар интиладиган маскан –“Ёшлар иттифоқи”  биноси қад кўтарган бўлса,  боғ  ҳар кун сайёҳлар билан гавжум, болажонларимизнинг ўйин-кулгулари, қий-чувларидан дилинг яйрайди.

Шу ўринда Урганч шаҳар марказида жойлашган “Ёшлар кўли”, Хива шаҳри марказида барпо этилган “Хива Лакоматив” истироҳат боғи ва бошқа бир қанча дам олиш масканларини ҳам  эътироф этиш мумкин.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларга қаратилган эътибор, берилаётган имкониятларнинг негизида фақат инсонлар қадри мужассам экани барчамизга  ойдек равшан.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ни ташкил этилгани мамлакатимизда  камбағалликни қисқартиришда жуда салмоқли ўрин тутди.

Хизмат сафаримиз юзасидан  фуқаролар билан мулоқотда бўлганимизда,  давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани сабаб, ушбу дафтарлар рўйхатидан чиқиб, ижтимоий-иқтисодий томонлама фаоллашиб кетишгани тўғрисида хурсандчилик билан шукрона билдираётган кўплаб фуқароларни сони тобора ортиб бораётганини ўзи мамлакатимизда инсон қадр-қиймати юқорилаётганини намоён этмоқда.

Тиббиёт соҳасига назар ташлайдиган бўлсак, Биргина  Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий маркази Хоразм вилоят филиалида амалга оширилаётган онкологик ислоҳотлар  мисолида бир қанча ютуқларни келтириш мумкин.

Ҳозирги кунда онкология касаллигига чалинган беморлар узоқ йўл босиб, пойтахтга ёки чет мамлакатларга бормайдиган бўлишди. Чехия давлатида ишлаб чиқилган  “Теробальт” русумли “Нур” аппарати ва бошқа замонавий онкологик тиббиёт воситаларининг  марказга келтирилиб  ўрнатилгани инсонлар қадр-қимматини, соғлигини ўйлаб қилинган амал деса, муболаға эмас.

Мамлакатимизда инсон қадри улуғланишига  сафарбар этилаётган кўплаб ташаббускорликларни  янада жадаллаштириб, мустаҳкамлаш мақсадида тарихий воқеликка эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масаласи энг муҳим аҳамият касб этаётгани билан ҳар бир юртдошимизга кўтаринкилик бағишлади.

Янгиланаётган Конституциямизга халқимиз томонидан берилаётган ҳаётимизни янада фаровон қилишга  хизмат қиладиган таклифларидан, конституциявий фаоллигидан фуқароларнинг юртимиз тақдирига бўлган  дахлдорлик туйғулари ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда инсон қадр-қиммати ва қийматини юксалтиришдаги олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини, Халқимизнинг ишчанлик кайфиятида, шукроналик, дахлдорлик  туйғуларида кўриш мумкин.

Зеро, инсонлари қадрланган юртнинг бахту иқболи, толеъи ҳар доим баланд бўлади.

                                                                                                  Замира АБДУЛЛАЕВА,

                         “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+