Ишончли вакил яккасаройлик сайловчилар билан учрашди

25.09.2021 14:09:55

 

Президентликка номзоднинг ишончли вакили бўлиш катта масъулият талаб этади. Зеро, у орқали номзоднинг дастури халққа етказилади. Тошкент давлат техника университети ректори, партиямиз фаоли бўлган Садриддин Туробжонов ушбу масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган ҳолда бу гал пойтахтимизнинг яккасаройлик сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида бўлиб ўтган учрашувда партия фаоллари, депутатлар, университет профессор-ўқитувчи ҳамда талабалари, маҳаллалардан ташриф буюрган сайловчилар иштирок этди.

Учрашув давомида номзоднинг ишончли вакили сайловолди дастурда белгиланган устувор мақсадлар ҳақида йиғилганларга атрофлича тушунчалар бериб ўтди. Хусусан, Президентликка номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг сайловолди дастуридан ўрин олган халқчил ғоялар моҳияти тарғиб қилинди. Унда белгиланганидек, давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим ва тиббиёт соҳасида коррупцияни таг-туги билан йўқ қилиш, шунингдек, партия мамлакат пойтахтини кенгайтириш ва ривожлантириш тарафдори эканлигидан келиб чиқиб, пойтахтнинг маъмурий марказини, яъни, Президент админстрацияси, Вазирлар Махкамаси, вазирлик ва давлат идораларини шаҳардан ташқарига чиқариб, пойтахтни халқимизнинг дам олиш, саёҳат қилиш ва хордиқ чиқариш масканига айлантириш дастурий мақсад қилинганлиги таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда талабалар иштирок этгани ҳам инобатга олинган ҳолда улар учун дастурда илгари сурилган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, олий таълим тизимини ХХI аср талабларига мослаштириш, уни замон билан ҳамнафас қилиш партия учун асосий дастуриламал эканлиги қайд этилди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+