Ислоҳотларга соя бўлаётган ҳолатларга қачон чек қўямиз?

16.09.2021 17:09:33

Бугун Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилмоқда. Албатта, бу ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари турганлиги барчага кундек равшан.

Ушбу йўналишдаги ислоҳотларимиз халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани ҳақида халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларидаги хабарларда, таҳлилий мақола ва кўрсатувларда ҳам ўз аксини топмоқда.

Бу ўринда биргина мисолни эслаш кифоя. Ўзбекистон Республикаси тарихда илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Андижонда ИИБ ходимлари томонидан фуқаролар калтаклангани ва ҳақоратланганлиги айтилаётган видеоролик кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Инсон ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда бу каби ҳолатлар такрорланиб турганлиги ҳар бир фуқарони жиддий ўйлантиради.

Тўғри, Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганлиги, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги ва назоратга олинганлиги маълум қилинди.

Биз бугун янги Ўзбекистон давлатида эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан борар эканмиз, бу каби иллатларга тоқат қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Фикримизча, эндиликда фақат зўравонлик ишлатган ходимларни жазолаш билан чекланиш камлик қилади. Ички ишлар сафида хизмат қилаётган бошқа виждонли, ўз касбига содиқ ходимлар обрўсига путур етказмаслик учун ҳам бу каби нохуш ҳолатлар юзага келган туман ҳамда вилоят даражасидаги раҳбарлар масъулиятини ошириш, уларнинг жавобгарлигини ҳам кўриб чиқилиши давр талабидир. Зеро, инсон ҳуқуқлари камситилишига йўл қўйилганлигининг ўзи ислоҳотларимизга катта соя солади.

 

Шухрат ПОЛВАНОВ,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+