“Конституция билимдони” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди

25.11.2022 16:11:25

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан партиянинг «Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ва Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 30 йиллиги муносабати билан “Конституция билимдони” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.

Кўрик-танловни дастлаб партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлыбай Каипбергенов кириш сўзи билан очиб берди ва иштирокчиларга омад тилади.

Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини билиш, уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Партия томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танлови ҳам айни шу мақсадларни ўзида мужассам этади.

Кўрик-танлов ушбу мезонларга амал қилинган ҳолда белгиланган низом асосида ўтказилди. Унда иштирокчилар ўзларини таништириши, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билиш даражаси бўйича савол-жавоблар ва “Партия менинг нигоҳимда” деб номланган 3 та шарт бўйича ўз иқтидорлари ва билимдонликларини кўрсатишди. Юқори савияда ташкил этилган танловга Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларидан келган иштирокчиларнинг чиқишлари қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Бунда иштирокчининг ўзини таништириши, саҳнада маданиятига амал қилиши ҳамда нотиқлик маҳоратига аҳамият берилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, “Сиёсий партиялар тўғрисидаги”ги ва ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги билимларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар ҳар бир шарт бўйича ўз чиқишларини якунлагандан сўнг, ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, очиқ овоз бериш йўли билан ҳаққоний баҳоландилар.

Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра 1-ўринни Нукус шаҳридаги 47-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Аллабай Турсынбаев, 2-ўринни Амударё тумани 40-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ширин Шарипова, 3-ўринни Нукус тумани 1-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Анжим Узакбергеновалар эгаллади. Биринчи ўрин соҳиби бўлган Нукус шаҳридаги 47-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Аллабай Турсынбаев Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир якунида иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Адолат СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+