«Конституция – ранглар жилосида»: Расмлар кўргазмаси ташкил этилди

02.12.2022 15:12:09

Фарғона шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан «Конституция – ранглар жилосида» расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур кўргазма партиянинг «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида ўтказилган кўрик-танлов иштирокчиларининг ижод маҳсулидан ташкил топган бўлиб, бир ҳафта давом этади.

Барча расмларда ўқувчиларнинг маҳорати, ижодий ёндашуви яққол сезилиб турибди. Иқтидорли ўқувчилар бахтимиз қомусини турли рангларда акс эттириб, бугунги фаровон ҳаётимиз, тинчлигимизни тасвирлаган. Келажаги, мақсадларини муштарак этиб, тасаввурларини оқ қоғозда бўёқлар орқали жонлантиришган. Шунингдек, истеъдодли ёшлар ижодий ишлари орқали она ватан, фаровон турмуш, бахтиёр болалик, оила қувончини Бош қомусимиз бўлган Конституциямиз моддаларига ҳамоҳанг тасвир ва ранглар орқали ифодалаб беришган.

Кўргазмани партия вилоят Кенгаши раиси в.б Ш.Эгамов очиб, эртамиз эгаларининг келгусида Ватанимизнинг муносиб фарзандлари, моҳир мўйқалам соҳиблари бўлиб камолга етишларини тилади.

Тадбир сўнгида танлов ғолиблари ва фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

- Менинг ижодий ишларим вилоятимиз миқёсида эътироф этилганидан хурсандман, – дейди биринчи ўрин соҳибаси Шаҳнозахон Абдусаломова. – Албатта, энг аввало, таълим олиш, оила даврасида бўлиш бахтини тасвирлашга ҳаракат қилдим. Чунки, бу биз учун жуда муҳим жиҳатдир. 

Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистон Бадиий академияси Фарғона вилоят бўлими раҳбари Люба Семезорова ва бошқа фаоллар ҳам иштирок этишди.

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+