Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди

21.05.2022 12:05:18

Жиззах вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вилоятда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Унда ҳудудий идоралар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Президентимизнинг фармон ва қарорлари билан тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ижроси ҳақида сўз борди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2021 йил 17 сентябрдаги 5-сонли йиғилиш баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг 6 октябрь куни Жиззах вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг биринчи таъсис йиғилиши ташкил этилиб, унда 38 нафар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари тасдиқланди.

Жорий йил 1-ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси ҳамда рейтинг баҳолаш мезонлари ижросини таъминлаш мақсадида “Коррупциясиз соҳа” йўналишида амалга оширилган ишлар бўйича вилоят прокурори ўринбосари ва Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳисоботлари эшитилди.

Сенаторлар ва депутатлар томонидан вилоятда ҳудудий давлат идоралари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларга қарамасдан, бу соҳадаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани танқид қилинди.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш борасида ўзаро ҳамкорлик ва самарали ижтимоий шериклик тўғри йўлга қўйилмаган.

Натижада Жиззах вилоятида коррупцион ва мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилда 281 тани, жорий йилнинг 4 ойида эса 64 тани ташкил этган.

Коррупцион жиноятлари учун жавобгарликка тортилган шахсларнинг 237 нафари ўзлаштириш ва растрата, 38 нафари фирибгарлик, 25 нафари пора олиш, 13 нафари мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш, 5 нафари пора бериш ҳамда 6 нафари бошқа тоифадаги жиноятларни содир этган.

Вилоятда бюджет буюртмачилари томонидан давлат харидларига оид эълонларнинг “dxarid.uz” махсус ахборот порталига жойлаштирилганлиги ўрганилганда қиймати 8 миллиард 300 миллион сўмлик 20 та танлов бўйича қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Тадбирда порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар, коррупциянинг барча кўринишларига барҳам беришда турли идоралар ва аҳоли орасида тарғибот ишларининг самардорлигини ошириш, идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш бўйича ички назоратни йўлга қўйиш, давлат органлари ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш каби таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Қўшма мажлисда муҳокама қилинган масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

А.Қаюмов

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+