Мактабгача таълим - эътиборда

24.11.2022 15:11:50

Мамлакатимизда навқирон авлод тарбиясининг негизи ҳисобланмиш мактабгача ёшдаги болалар таълими тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳамма жойда бўлгани каби Чуст туманида ҳам қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун мазкур ҳудудда 21 минг 386 нафар 3-7 ёшдаги бола вояга етмоқда. Уларнинг 16 минг 991 нафари ёки 79,4 фоизи 274 та мактабгача таълим ташкилотининг 675 та гуруҳида тарбияланмоқда. МТТларнинг 63 таси давлат, 211 таси эса, нодавлат секторида ташкил этилган.

- Давлатга тегишли боғчаларнинг 17 таси ва нодавлат боғчаларнинг барчаси ўтган беш йилда очилди, - дейди халқ депутатлари Чуст туман кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси Рўзигул Анорқулова -. Шу давр мобайнида тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 165 тага ортди. Натижада 12 минг 429 бола қабул қилинди. Ўз навбатида гуруҳлар сони 388 тага кўпайиб, қамров даражаси 5,5 баробар ўсди.

Партиядошимиз Рўзигул Анорқулова тажрибали педагоглардан. У йигирма йилдан зиёд вақтдан бери мактабгача таълим соҳасида меҳнат қилади. Анчадан бери МТТга раҳбар бўлиб ишлайди. Соҳада юз бераётган ўзгаришлардан яхши хабардор. Ўзининг ибратли ишлари билан кўпчиликнинг ҳурматини қозонган.

Унинг айтишича, сўнгги йилларда боғчалардаги педагоглар сони 910 нафарга кўпайди. Уларнинг ўттиз беш фоизи олий маълумотли мутахассислардир. Университет ва институтларда сиртдан таълим олаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Бугунги кунда туманнинг мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган иккита маҳалласи бор. Аммо ҳозир бу чекка ҳудудлар - «Янгиобод» ва «Қизилтепа»да 2 та мобил – «Ақлвой» гуруҳлари ишлаб турибди. Уларга 96 нафар бола қамраб олинди. Энг муҳими, мазкур мобил гуруҳлар ўқув-услубий, дидактик материаллар, ривожлантирувчи ўйин ва ўйинчоқлар, миллий, маданий, тарихий бойликларни акс эттирадиган ҳамда болаликдан китоб ўқишга қизиқишни орттирадиган бадиий адабиётлар билан тўлиқ таъминланган.

ЮНИСEФ халқаро болалар ташкилоти ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида 47-сонли МТТ негизида аралаш ёшдаги болалар учун барча қулайликларга эга 2 та бепул муқобил гуруҳ фаолияти йўлга қўйилганди Ҳозир уларда 60 нафар бола тарбияланмоқда. Айни вақтда бу тажриба кенг оммалаштирилиб, туман бўйича 38 та шундай гуруҳ ташкил қилинган. Бу билан мактабгача таълим ташкилотларига қатнамайдиган 950 нафар 6 ёшли болани биринчи синфга сифатли тайёрлаш учун шароит яратилди.

Соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, ўзгаришлар, ўнгланишлар фақат бир нарсани англатади: фарзандларимиз, дилбандларимиз камолоти йўлида олға силжиш қанчалик оғир бўлмасин, фақат олдинга қараб юрамиз. Ортга эса, йўл йўқ!

Саидолим Абдураҳмонов,

халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+