Мактаблар мавсумга тайёрми?

21.11.2022 14:11:15

Маълумки, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кузги ва қишки мавсумга тайёргарлик кўриш борасида кенг кўламдаги амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу йилги мавсумга тайёргарлик кўриш сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига асосан 2 трлн сўмга яқин маблағ ажратилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон ва унинг фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган бўлишига қарамасдан, айрим мутасаддилар бу борада сусткашликка йўл қўйишаётгани ҳам учраб турибди.

Қаҳратоннинг ҳам қаҳри қаттиқлашиши эҳтимоли йўқ бўлмаган бир паллада мавсумнинг кўнгилдагидек ўтиши учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти? – дейди «Адолат» СДП Қуйи Чирчиқ туман Кенгаши раиси Зиёвиддин Тўраев. Қуйи Чирчиқ туман Халқ таълими бўлимига қарашли 14-, 27 ва 31- сонли таълим даргоҳларининг мавсумга тайёргарлиги, қозонхоналарнинг шайлиги, синфхона ва кабинетларнинг иситиш тизими, яъни батареяларнинг яроқлилиги қай аҳволда эканлиги текширилди. Бироқ, шоли курмаксиз бўлмаганидек, баъзи бир таълим масканларининг мутасаддилари бу масалага панжа ортидан қарашаётганига ҳам гувоҳ бўлинди. 14-умумий ўрта таълим мактабида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган. Қозонхонани текшириб кўрилмаганлиги, унинг муҳофаза ишлари талаб даражасида эмаслиги, иситиш мосламалари, баъзи-бир батареяларнинг хизмат муддати ўтганлиги каби камчиликлар аниқланди. Шунингдек, мактабнинг том қисмидан синф хоналари шифтига сув ўтаётганлиги, мактаб ёнидаги машиналар йўлига пиёдалар ўтиш учун йўл чизиғи чизилмаганлиги аниқланди. Ўрганилган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

Халқимиз таъбири билан айтганда, қор осмонда қишламайди. Остонада табиатнинг инжиқ мавсуми эшик қоқиб турибди. Унинг ҳар бир куни синовдир. Қиш фаслини беталафот ўтказиш эса унинг «имтиҳон»ларига қанчалик пухта ҳозирлик кўрилганига боғлиқ. Буни нафақат мутасадди идоралар масъуллари, балки ҳар биримиз бир зум бўлсада, ёддан кўтармаслигимиз, тадорикни пухта қилишимиз керак. Ана шунда қиш ўчоғи тор бўлиб қолмайди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП,

Тошкент вилоят Кенгаши Ахборот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+