Масъулият қани? Жавобгар ким?

12.04.2021 16:04:17

Глобаллашув даврида яшаяпмиз. Ҳар куни қандайдир воқеа-ходисалар юз беради. Улар тўғрисида интернетдан, оммавий ахборот воситаларидан хабар топамиз. Улар орасида яхшилари ҳам, қайғулилари ҳам учрайди. Яқинда виртуал оламда икки фожиали ҳолат ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) шифокорларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Маълум бўлишича,  2019 йил 23 апрелда 63 ёшли Негмурат А. РШТЁИМга мурожаат қилиб, шифокорлар томонидан унга «бўйин ўнг ички уйқу артерияси эгриликларини тўғрилаш, томирда ҳосил бўлган тромбни олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилган.   2019 йил 10 октябрь куни эса Негмурат А. тўсатдан вафот этган.

Суд-тиббий экспертизанинг 2021 йил 8 январдаги хулосасида Негмурат А.нинг ўлимига бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, унинг пастки ковак венасида ёт жисм (катетр сим) қолиб кетиши сабаб бўлганлиги кўрсатилган. Ҳозирда айбланувчиларнинг доирасини аниқлаш, шифокорларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Иккинчи ҳолат Наманган шаҳридаги Давлатобод тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги  31-кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида юз берган. Хабарда айтилишича, тарбияланувчи,  2015 йилда туғилган У. Ҳошимов  2021 йил 5 февраль куни ўзини  муассаса иссиқ сув тизимидаги  жўмракни очиб юбориши натижасида 2-даражали 65% куйиш тан жарохатини олган ва кейинчалик вафот этган. Бу ҳолат  бўйича ҳам орадан бирмунча вақт ўтгач жиноят иши қўзғатилди. Яна ўша модда, яна ўша қисм... Яъни касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлимига сабаб бўлиш...

Эътибор қилган бўлсангиз, ҳар икки ҳолатда жиноят иши анча кеч қўзғатилган. Ўзбекчилик-да – бўлар иш бўлди, энди одамни тирилтириб бўлмайди, деймиз. Тўғри, бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам борлгини унуимаслигимиз зарур. Гап мазкур ҳодисаларга бевосита ёки билвосита сабабчи бўлган шахсларнинг жавобгарлиги ҳақида кетмоқда. Наҳотки, уларда ўз айбини тан олиб, тавба-тазарру қилиш истаги юзага келмаган бўлса...

Жараённи таҳлил этсак, айнан шундай хулоса келиб чиқади. Ахир, шифокор беморнинг саломатлиги учун бевосита жавобгар ҳисобланади. У эса бу борадаги масъулиятни унутган. Кейин эса жавобгарлигини тан олмаган, ҳеч ким қизиқмаса, фариштадай беайб бўлиб қолаверади. МТТдаги ходиса эса боланинг эҳтиётсизлиги натижасида рўй берган, деб талқин этилаётгани қизиқ. Тарбиячи ёки энага бу пайтда қаерда бўлган? Уларнинг болани қаровсиз қолдиришга нима ҳаққи бор?

Тергов  якунланар, айбдорлар жазоланар ҳам. Бироқ улар тавба-тазарру қилмаса, бундан не фойда? Наҳотки, одам нобуд бўлиб кетаверса-ю бунга йўл қўйганларнинг виждони, иймони уйғонмаса? Ё ўзларини жабрланувчиларнинг ўрнига қўйиб кўргилари келмаяптими? Шу ўринда кўп давлатларда бундай фожеа юз берганда, ўша муассаса раҳбарлари ихтиёрий равишда истеъфога чиқишларини эслатмоқчимиз Такрор айтамиз: ўз хоҳишига кўра. Бунга уларни бирон киши мажбур қилмайди. Бизда эса ҳеч ким пинагини бузмайди. Нега шундай? Ҳозирча бу саволга жавоб йўқ.

                                                                                    Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+