МУСИБАТДАН ЛАЗЗАТ ОЛМАНГ....

29.05.2021 06:05:23

2021 йил 24 май куни ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг диққатини торган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа кўпчиликни сескантирди.

Тафсилотларга кўра шу куни соат 09:30ларда Ангрен шаҳридан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 184 км.да “Наманган-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “МАН” русумли тиркамали юк автомобили бошқарувини йўқотиб, ағдарилиб, ўзидан олдинда темир йўл кесишмасига етмай тўхтаган. Натижада “Ласетти”, “Кобальт”, “Жентра”, “Нексия-3”, “Матиз”, “Нексия-3” ва “Ласетти” русумли автомобиллари билан тўқнашиб, ЙТҲ содир бўлган. Тўқнашув натижасида “Ласетти” русумли автомобили ёнган. ЙТҲ натижасида 5 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган ҳамда 4 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳати олган...

Бугун шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизни интернет ёки ижтимоий тармоқларсиз асло тасаввур этолмаймиз. Аксарият одамларнинг фаолияти интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналлари орқали дунёда содир бўлётган кундалик янгиликлардан хабардор бўлиш, уларни бир-бирига узатиш билан боғлиқ.

Мамлакатимиз ва дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар, янгиликлар тўғрисидаги маълумотлар барча ижтимоий тармоқларда акс этиб боряпти. Бу янгиликлардан хабардор бўлишда эса интернет тизими, мобиль телефонлар ва компюьтер технологияларидан фойдаланиш анча қулай ҳисобланади. Бундан ташқари, ўзаро маълумот алмашиш ёки бирор воқеа-ҳодисага муносабат билдириш, ўз фикрини баён этиш ёки ўзаро мулоқот қилишда ижтимоий тармоқлар жуда қулай воситадир. Буларнинг бари ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар учун ўз фикрлари, қарашлари ва туйғуларини баён қилишда тенгсиз имконият эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар ҳар қандай ёшдаги одамни бемисл даражада ўзига “РОМ ЭТАДИ”.

Шунингдек, аксарият ёшлар ўзларининг қимматли вақтларини беҳуда сарфлаб, ижтимоий тармоқлардан кун бўйи фойдаланишади. Шу тариқа, улар деярли барча ахборотга эга бўлишади ва ўз дунёқарашидан келиб чиқиб, у ёки бу масалага муносабат билдиришади. Бироқ билдирилган муносабатларнинг барчасини савияли, яъни маънавиятли кишиларнинг фикри, дея оламизми. Айниқса, бугунги кунда етарли билим ва кўникмаларга эга бўлмаган кимсалар ҳам тўғри ё нотўғрилигини ўйлаб ўтирмасдан, ижтимоий тармоқларда тарқатилган ҳар қандай маълумот юзасидан ёхуд баъзи масалаларга билим ва салоҳияти етадими, йўқми, бундан қатъи назар, ўз фикрини билдиришади.

Ангрен йўлида содир бўлган воқеа ва бу билан боғлиқ тафсилотлардан сўзловчи “фотосурат қаҳрамонлари”нинг мақсади нима? Ўзгалар мусибатини тезкор равишда оммага етказиш орқали очко олишми, ёки бу билан унинг ижтимоий тармоқлардаги рейтинги ошиб қоладими? Бу фақат Ангрен воқеаси билан боғлиқ ҳолатларга муносабат эмас. Шу каби  бахтсиз ҳодислар ҳар куни содир этилади ва мунтазам равишда ижтимоий тармоқларга фотосурат ва видеолар жойланади. Аянчли кўринишлар акс этган суратлар ёки видеолар бизга нима беради? Биз шу қадар тубанлашиб кетдикмики, ўзгалар қисматини тезликда оммага етказишга шошиламиз. Бундай воқеалар ҳаммаг огоғликка чақириши мумкин дерсиз, лекин огоҳлик ва ҳушёрликка чақирувчи, аниқ тафсилотларни етказувчи органлар бор. Уларнинг муносабати ва тафсилотларига кўра ҳушёр тортсак ва хулоса қилсак ҳам бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади.

Биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз. Бинобарин, бугунги давр биздан дунё миқёсида бўҳтон ва уйдирмаларни тарқатиш орқали ёшларимизни алдаб, ўз қармоғига илинтиришга интилаётган ижтимоий тармоқлардаги турли салбий ҳолатларга ҳеч қандай имкон бермаслигимизни талаб этмоқда. Зеро, миллий маънавиятимизни асраш орқали ёшларимизни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб, ўз халқига, юртига бўлган муҳаббатини ошириш асосий вазифамиздир. Билингки, ижтимоий тармоқлар тубанлик гирдобига гирифтор этувчи мафкурачиларининг асосий дастакларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, бу ҳолат ҳар биримиздан таҳдидларга нисбатан мунтазам огоҳликни талаб этмоқда.

                                               Дониёр Юсупов, Халқ депутатлари

Қибрай тумани Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+