Наманганда “Конституция билимдони” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

25.11.2021 13:11:09

  Наманган шаҳридаги энг катта маданият марказининг томоша зали байрамона безатилган. Ҳамма ерда “Адолат” СДП байроқлари. Партиямизнинг шиорлари акс этган. Ёшлар ва фахрийлар, фаоллар, ҳудудларда ўтказилган “Конституция билимдони” танловининг ғолиблари ва иштирокчилари ҳам етиб келишган.

  Ниҳоят, белгиланган вақт бўлди. “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова қисқача кириш сўзи билан тадбирни очиқ деб эълон қилади. Қатнашчилар бирин-кетин танлов шартларини бажаришга киришадилар. Уларни томошабинлар тўхтовсиз олқишлаб турдилар. Бу, ўз навбатида иштирокчиларни руҳлантириб, рақобатни кучайтиришга хизмат қилади. Саҳнада бўлаётган воқеаларни ҳайъат аҳзолари диққат билан кузатиб турибдилар, чунки ҳар бир чиқиш холис баҳоланиши, ҳеч ким норози бўлиб қолмаслиги керак.

   – Бундай танловларнинг аҳамияти жуда катта, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман  кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Улар биринчи навбатда партиямизнинг танилувчанлигини оширишга хизмат қилади, унинг нуфузини кўтаради. Шунингдек, ёшларни сиёсий билимларни эгаллашга қизиқтиради. Қолаверса, ҳар бир киши баҳслар жараёнида ўзининг ҳуқуқий маданиятини оширади.

  “Конституция билимдони”нинг бу йилги жараёнлари жуда қизиқарли ва рақобат кучли муҳитда ўтди. Шаҳар ва туман босқичларидаги баҳсларни икки мингга яқин томошабин кузатди. Бош қомуснинг мазмун-моҳиятини яхши тушунгун, сиёсий тафаккури баланд, изланувчан ва заҳнли йигит-қизлар ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Улар орасидан энг юқори натижаларга эришганлар вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

  Ана шундай билимли ёшлардан бири -  Шоҳжаҳон Муҳаммадхонов.    У  Наманган шаҳридаги  юридик техникумда  ўқийди.   Шоҳжаҳоннинг вилоят босқичига пухта тайёргарлик кўргани танловнинг биринчи шартини бажараётгандаёқ сезилди. Буни ҳайъат аъзолари ҳам, томшабинлар ҳам дарров пайқадилар. Лўнда, пухта ва асосланган жавоблар унга юқори баҳоларни келтирди. Пировардида айнан   Шоҳжаҳон  вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллади. Мингбулоқлик Ҳусайн Турсунов ҳурмат шоҳсупассининг  иккинчи  поғонасидан     жой олди. Чустлик Феруза Содиқова ва давлатободлик Бекзод Мирза Аҳмедовнинг натижалари тенг бўлиб қолганлиги учун уларнинг ҳар иккови учинчи ўринга муносиб кўрилди.

  Ғолиб ва совриндорларни партия вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев қутлади. Уларга Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+