Наманганликлар акцияда фаол қатнашадилар

28.11.2022 10:11:30

«Бор меҳримиз сенга, болажон!» – Наманганда мазкур шиор остида ўтказиладиган беғараз донорлик акциясига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Маълумки, «Адолат» СДП ташаббуси билан ташкил этиладиган бу тадбирнинг навбатдаги акцияси шу йил 2 декабр санасига белгиланган. У Халқаро ногиронлар куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланади.

– Кейинги йилларда партиядошларимиз иштирокида уюштирилаётган мазкур акция кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда, - дейди «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. - Шунинг учун тадбирни юксак савияда ўтказиш чораларини кўрмоқдамиз. Кенгаш қошида ишчи гуруҳ ташкил этилган. Унинг аъзолари ҳар куни жойларда олиб борилаётган тарғибот ишларини мувофиқлаштириб турибдилар. Бу борада партиядошларимиз ҳамда хайрихоҳларимиз фаоллик кўрсатмоқдалар.

Масалан, Кенгашнинг Матбуот хизмати оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Нафақат вилоят марказидаги, балки туманлардаги газеталар, ижтимоий тармоқлар, блогерлар «адолат»чилар ташаббуси кенг ёйилишига кўмаклашмоқдалар. Радио ва телевидение имкониятларидан ўринли фойдаланилмоқда. Меҳнат жамоалари, ўқув муассасаларида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Вилоят Кенгашидаги ишчи гуруҳ аъзолари тиббиёт ходимлари билан ҳам бир неча бор мулоқот қилдилар. Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳар доимгидай, яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Вилоят қон қуйиш марказида акцияга тайёргарлик барвақт якунланди. Барча керакли асбоб-ускуналар ҳозирлаб қўйилди. 2 декабрь куни ишлайдиган ходимларга тегишли йўл-йўриқлар берилди. Беғараз қон топширадиган фуқароларга зарур шарт-шароитлар яратилган.

Партия вилоят Кенгаши эса акция фаолларини рағбатлантириш чораларини кўради. Тиббиёт ходимлари ва донорларни тақдирлаш учун Фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари тайёрланмоқда. Энг яхши шаҳар ва туман кенгашлари ҳам мукофотсиз қолмайди.

– Аввалги акцияда биз энг юқори натижага эришгандик,, - дейди «Адолат» СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Бу сафар ҳам фаолликни бўшаштирмаймиз. Чунки топширилган қон хасталикка чалинган кўплаб болаларнинг соғайиб кетишига кўмаклашишини ҳамма яхши билади. Бундай олийжаноб ишга дахлдорлик ҳисси ҳар биримизга қувонч бахш этади, албатта. Партия ташаббуси билан ҳар йили икки бор ўтказилаётган акцияда муносиб қатнашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

           Нурбек Абдуллаев

“Адолат”  СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+