Номоддий маданий меросимиз ЮНЕСКО рўйхатида

02.12.2022 14:12:49

Шу кунларда Марокаш давлатининг Работ шаҳрида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон иштирокида иккита элемент Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди. Булар “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” ҳамда “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” бўлган номоддий маданий меросимизнинг ёрқин намуналаридир.

Таъкидлаш жоизки, “Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Давлат дастурида жаҳон номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш учун тавсия этилган номоддий маданий мерос объектлари ҳақидаги маълумотларни ЮНЕСКОга тақдим этиб бориш вазифаси қўйилган.

Унга кўра, номоддий маданий мерос объектлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, сўнгги даврда уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тарғиб этиш борасида ҳукумат, маҳаллий бошқарув органлари, нодавлат ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар жамланади. Барча янги маълумотлар асосида таклифлар тайёрланади ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси орқали ЮНЕСКОнинг марказий қароргоҳига жўнатилади.

Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан олиб борилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон томонидан бир қатор номоддий маданий мерос объектлари ЮНЕСКО ҳузуридаги Инсониятнинг номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилди.

Булардан, Наврўз умумхалқ байрами, палов тайёрлаш маданияти ва анъанаси, аския санъати, катта ашула санъати, лазги санъати, бахшичилик санъати, Бойсун маданий макони ва Шашмақом. Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реестридан жой олди. Бу Ўзбекистоннинг обрўсини янада сарбаланд этиб, мамлакатимизнинг жаҳон олдидаги рейтингининг янада юксалишига замин яратди.

Эндиликда, “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” ҳамда “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” сингари янги элементлар халқаро миқёсда бутун инсоният маданий меросининг ажралмас қисми сифатида тавсифланади ва номоддий маданий мероснинг ушбу турларини эътироф этиш ва қадр-қимматини кенг тарғиб қилишни улкан даражада оширишга хизмат қилади.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+