Номзод самарқандлик сайловчилар билан учрашди

15.10.2021 12:10:22

15 октябрь куни “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Каттақўрғон шаҳар драма театрида бевосита онлайн видеоконференция мулоқот тарзида бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда журналистлардан иборат жами 2200 нафардан зиёд сайловчи иштирок этди.

Баҳром Абдуҳалимовнинг ишончли вакили, “Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши раиси М.Бобобекова сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг Президентликка “Адолат” СДП дан кўрсатилган номзод сайловчиларни сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирар экан, жамиятимиз ривожида хотин-қизларнинг иштироки масаласига алоҳида тўхталиб, юртимизда аёлга эҳтиром кўрсатиш — миллатга, юртга, эртанги кунимизга, келажак авлодимизга эҳтиром кўрсатишнинг бош мезонига айланганлигини таъкидлади.

Мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини янада кучайтириш ва сиёсий ҳуқуқларини оширишга эътибор қаратиб келинаётганини қайд этди.

Ўтган йилларда вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳамда чет эл инвестицияларининг жалб этилиши натижасида бугунги кунда вилоятда саноатнинг автомобилсозликдан тортиб текстил ва қайта ишлашгача бўлган кенг турлари ривож топиб бораётгани, айниқса, вилоятда ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар бугун халқимизнинг узоғини яқин, юк машиналари амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларида беминнат дастёрга айланганлиги, одамларимизнинг оғирини енгил қилаётгани, бунёд этилаётган замонавий турар жойлар, мактаб, боғча, олий таълим муассасалари, энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган тиббиёт масканлари аҳоли фаровонлиги ва саломатлиги йўлида хизмат қилаётганлиги хусусидаги Баҳром Абдуҳалимовнинг фикрлари самарқандлик сайловчиларда илиқ таассурот қолдирди.

 

Президентликка номзод сайловчиларнинг саволларига жавоб қайтариб, унинг дастурига қизиқиш билдирганликлари учун барча иштирокчиларга ўз ҳурмат ва ташаккурини изҳор этди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ш.Полвонов, М.Абдиева, Е. Компольщик ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни сайловда фаол иштирок этишга ва ўзига муносиб деб билган номзодга овоз беришга чақирди.

 

Адолат СДП Самарқанд вилоят кенгаши  матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+