Отанинг қилмиши учун нега фарзандлар  жавобгар бўлиши керак?

23.06.2022 14:06:49

Бугун, яъни жорий йилнинг 20 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Бу учрашувни оддий фуқаро сифатида диққат билан кузатар эканман, юрагим завқу-шавқ билан жўш уриб кетди.  Чунки, Конституция бу менинг қомусим, орим, борим-ғуруримдир. Бу борада Президентимизнинг “Референдум ўтказайлик, ҳалқдан сўрайлик, ҳалқ рози бўлармикин Конституцияга ўзгартиришлар киритишга” деган гаплари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқи, инсон қадри тамойилларига нақадар уйғунлиги яққол кўриниб турибди. Яқин бир ой мобайнида “Менинг конституциям” порталига барча Ўзбекистон фуқаросимон деган инсон ўз таклифларини бемалол ёзмоқда. Энг қизиғи ҳар бир таклиф эътибордан четда қолмаяпти.

Бугунги учрашувда Президентимиз томонидан кўтарилаётган ҳар бир таклифларнинг замирида инсон манфаатлари ва қадриятлари ўз аксини топган. Мени энг ларзага солган    “Эсингизда бўлса, Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эдим. Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим? Бундай адолатсиз “тизим”дан энди бутунлай воз кечамиз. Чунки халқимизга нисбатан собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонларнинг ўзи етарли эмасми?!  Шу боис, Конституциямизга “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйишимиз керак.”  деган таклифлари бўлди.

Узоққа бориш ниятим йук, 2007 йилда ўта билимли, иқтидорли бир танишим олий ўқув юртини қизил диплом билан тугатди. Не – не орзулар билан Давлат солиқ инспекциясида ишлаш учун ҳужжат топширди. Лекин минг афсуски, “Сени отанг судланган” дея ҳеч ким ишга қабул қилишни хоҳламади. Бунинг натижасида шашти сўниб, Ватанда ишлашдан умидини узиб Россия Федерациясига ишлашга кетиб қолди. Бунга ўхшаган илмли,  зукко ва ишбилармон қанча ёшларимиз чет давлатларга чиқиб кетишган.

Зеро, Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар шу каби ватандошларимизни ўз юртига қайтишига ва Ватанимизни гуллаб-яшнашида ўз ҳиссаларини қўшишларидан умид қилиб қоламиз.          

                                               Очилова Шахноза 

"Адолат"СДП Марказий аппарати                            

Мафкуравий ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+