Ўзбекистон — Озарбайжон: ҳамкорликнинг янги босқичи

21.05.2022 15:05:11

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясининг учинчи Конференциясида қатнашиш учун Озарбайжон Республикасига расмий ташрифини амалга оширди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикасининг парламент аъзолари дастлаб Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қабулида бўлдилар. Ушбу учрашувда Озарбайжон давлат раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси раиси Соҳиба хоним Гафарова Ўзбекистон парламенти делегациясини самимий эҳтиром билан кутиб олиб, парламент раиси сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланишлар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни, шунингдек халқаро миқёсдаги ташаббусларни юқори баҳолади. Шунингдек, икки қардош давлат парламентлараро муносабатларни фаоллаштириш, муайян соҳалар кесимида тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этиб ўтди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон халқлари маданияти ва санъатининг тарихан шаклланиши ва тараққий этишида муштарак жиҳатлар кўп. Мисол тариқасида келтириш мумкинки, Озарбайжон юртида академик ва миллий мусиқа соҳасини ўқитиш иккита олий таълим муассасаси – Баку мусиқа академияси ҳамда Озарбайжон давлат консерваториясида олиб борилади. Таълим соҳасининг санъат йўналишида юзага келган ушбу беқиёс тажриба Ўзбекистонда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, бу йўналишлардаги таълим Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ю.Ражабий номидаги миллий мусиқа институтида олиб борилмоқда.

Озарбайжон ва ўзбек халқларини кўп асрлик адабий ришталар боғлаб туради. Буюк Низомий Ганжавийнинг асарлари ўрта асрлардан бошлаб ўзбек тилига таржима қилинган. Жумладан, 14-асрнинг биринчи ярмида Қутбиддин Хоразмий озар адибининг “Хисрав ва Ширин” асарини ўзбек тилига кўчирган. Низомийнинг беш достонидан илҳомланган буюк Алишер Навоий ўзининг ўлмас “Хамса”сини яратди. Хайдар Хоразмий 15-асрда Низомийнинг “Махзай ул асрор” асарини, 19-асрда эса Огаҳий унинг “Хафт пайкар” асарини ўзбек тилига ўгирган.

Озарбайжон халқнининг яна бир забардаст аллома-шоири Фузулий озарбайжон адабиёти билан бир қаторда Шарқ адабиётининг буюк намоёндалари, хусусан, туркий забон шоирлар Лутфий, Атоий, Навоий ижодини зўр қизиқиш билан ўрганган. Эътиборлиси шундаки, Фузулийнинг адабий мероси, хусусан, унинг “Лайли ва Мажнун” достони 17-асрдан бошлаб Туркистон мадрасаларида махсус дарслик сифатида таълим тизими режаларига киритилган. Фузулий ўзбек халқининг севимли шоирларидан бири бўлиб, юртимизда анъанага айланган “Навоийхонлик”, “Бедилхонлик” билан бир қаторда “Фузулийхонлик” адабий ғазалхонлик-мушоираларда минглаб одамлар шоир асарларини ёд олиб ўқийдилар.

Шуни ҳам айтиш жоизки, Бухоро Шашмақомининг энг сара асарлари Фузулий ҳамда Насимий ғазалларига басталанган. Шунга кўра, Шарқнинг буюк шеърий бўстони ижодкорларининг адабий мероси ўзбек халқининг маданий-маънавий тафаккур оламидан муҳим жой эгаллаган. Адиб Абдулла Қодирий қаламига мансуб ўзбек адабиёти тарихидаги илк романлардан бири бўлган “Ўткан кунлар”да Фузулий ғазалиёти ёд олиниши ҳам бунга бир рамзий мисол.

Ўзбек адабиёти тарихида ўзининг мўътабар ўрнига эга бўлган Озарбайжон элининг ардоқли фарзанди Мақсуд Шайхзоданинг номи ҳам миллий маданиятимиз силсиласининг фахр-ифтиҳор рамзидир. Унинг “Мирзо Улуғбек” достони, “Жалолиддин Мангуберди” драмаси ва бошқа кўплаб асарлари ўзбек адабиёти олтин фондининг дурдоларидан саналади. Ушбу асарлар Ўзбекистон таълим тизимида катта муваффақият билан ўрганилади.

Мамлакатларимизнинг маданий алоқалари беназир тарихий ижодкор намоёндаларнинг ҳамкорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, мусиқа илми назариясининг асосчиларидан бири бўлган Абдулқодир Мароғий (1340-1435) ўзининг ижодий ҳамда илмий (мусиқашунослик) фаолиятини Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Халил Султон Мирзо саройида олиб борган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ўзбекистон мусиқа жамоатчилиги Озарбайжон композиторлик санъати намоёндалари У.Гаджибеков, К.Караев, Ф.Амиров сингари забардаст ижодкорлар нафақат миллий балки умумшарқ мусиқасининг тараққий этишида муҳим ўрин тутганлигини холисона эътироф этиб келмоқда.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Опера ва балет академик катта театрида “Севги афсонаси” балети саҳналаштирилди. Ушбу асар буюк ўзбек давлат арбоби ва адиби Шароф Рашидов ҳамда Озарбайжон композиторлик мактабинининг ёрқин намоёндаси Ориф Меликов томонидан яратилган бўлиб, кўзга кўринган хориж саҳналарида намойиш этилган, бугунги кунгача ҳам айнан А.Навоий номидаги катта театрида муваффақият билан қўйилмоқда.

Муғом ва мақом санъати Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларини бирлаштирадиган яна бир азалий маданий ўзан. Муғомлар ва мақомлар халқларимиз мусиқий тафаккурининг сарчамаси бўлиб, гўзал намуналари азал-азалдан безавол бизгача етиб келган. Ушбу санъат халқларимиз маданияти ва санъати улкан илҳомбахш салоҳиятга эга эканидан далолат берадики, бу ҳам давлатларимизнинг нафақат сиёсий, иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳадаги парламент алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга самарадор хизмат қилади.

Икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар бугунги кунда фаол равишда давом этмоқда. Сўнгги йилларда бўлиб ўтаётган халқаро анжуманларда ўзбек ҳамда озарбайжон санъати вакилларининг қатнашуви кенг қамровли равишда намоён бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистондаги “Шарқ тароналари”, Халқаро мақом анжумани, Озарбайжондаги “Харибулбул” халқаро фестивали ва бошқа кўплаб йирик нуфузли мусиқий кўриклар халқларимиз ўртасидаги бой тажрибани айрибошлашни амалга оширишга хизмат қилади.

Бу йил Жаъфар Жабборли номидаги Озарбайжон давлат драма театрининг 140-мавсуми таниқли ўзбек адиби Қўчқор Норқобилнинг “Беш бева ва бир бошлиқ” мусиқали комедияси билан очилди. Асардаги ҳаётий воқеаларнинг беғубор кулги ва кучли юмор билан ифодаланиши томошабинларнинг серзавқ олқишларига сазовор бўлди. Озарбайжон Республикаси маданият вазирлиги ва Озарбайжон давлат драма театри берган маълумотларга кўра, мазкур пьеса ҳар икки давлатнинг мустақиллик йиллари тарихида Озарбайжон саҳнасига олиб чиқилган илк ўзбек асари бўлди.

Озарбайжон халқининг ўзбек элига кўрсатган ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин ифодаси сифатида икки халқ қадрлайдиган ижод аҳли ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, атоқли адиблар билан суҳбатлари жой эгаллаган Бобохон Шарифнинг “Адолат йўлини ёритган адабиёт” китобини Озарбайжон тилида ёзилган тадқиқотини келтириш жоиз. 

2022 йил 16 май куни буюк Алишер Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Навоий асарларининг озарбайжон тилига ўгирилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Асарлар Боку давлат университети “Туркология” кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Рамиз Асқар томонидан озар тилига ўгирилган бўлиб, Халқаро Турк маданияти ва мероси жамғармаси томонидан юқори савияда чоп этилди.

Ёш авлодни халқларимизнинг энг гўзал адабий-бадиий дурдоналари мисолида тарбиялаш мақсадида Сурхондарёдаги Термиз давлат университетида Озарбайжон шоираси Хуршидбону Нотавон маркази очилди. Ушбу марказ Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Маданият масалалари қўмитасининг бевосита қўллаб-қувватлаши орқали амалга оширилган бўлиб, икки давлат адабий алоқаларининг янада ривожланиб бораёганидан далолат беради.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясининг учинчи конференцияси доирасида Қорабоғнинг Шуша шаҳрига амалга оширилган саёҳат бир умрлик хотира бўлиб қолди. Қорабоғнинг тарихи, маданияти, гўзал ва бетакрор табиати ҳар бир инсоннинг қалбини тўлқинлантириб юборди. Ушбу ўлканинг қадимдан бери сақланиб, ўзининг кучли таъсирини ўтказиб келаётган заковати ниҳоятда муқаддас салоҳиятга эга эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Зеро, шоира Нотавон, Мулла Паноҳ Воқиф, хонанда Булбул Мамедов ва Озарбайжон элининг бошқа кўплаб атоқли санъат намоёндалари айнан Қорабоғда туғилиб ўсган бўлиб, ушбу ўлканинг таълим-тарбиясини олиб, ўз санъатида юксак чўққиларга эришдилар ва жаҳон маданияти тарихида ўз номларини қолдирдилар.

Бизни мамнун этган ҳол шу бўлдики, бугунги кунда Қорабоғ ўлкасида тинчлик ҳукм сурмоқда. Қурувчи-мухандислар, йўлсозлар ва қурувчи усталар ушбу гўзал ўлкани янада тартибга келтириш мақсадида тинимсиз ишламоқдалар. Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ томонидан 2023 йилда Шуша “Туркий дунё маданият пойтахти” деб эълон қилингани ушбу ўзига хос ўлканинг янада обод бўлишига амалий омил бўлиши шубҳасиз, албатта. Бунинг натижасида, бу ўлкага адиблар, олимлар, санъаткорлар, сайёҳлар оқими тобора ошмоқда. Шуша аввалгидек тарихий-маданий мавқеини янада ростламоқда.

Икки мамлакат маданияти ва санъати соҳасидаги маданий-маънавий мерос ва бугунги ижодкорларнинг асарлари энг ардоқли хазина бўлиб, биз унинг чашмасидан кўп асрлар давомида баҳамликда манфаат кўриб келмоқдамиз. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда халқ мусиқаси назарияси, муғом ва мақомларнинг ижро талқини, адабий алоқаларнинг барча йўналишлари бўйича олиб борилаётган амаллар, фан ва таълим соҳаларидаги ўзаро хамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегациясининг Озарбайжон Республикасига амалга оширган дўстона ташрифи икки қардош давлатлар ўртасида кенг қамровли сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+