Ўзбекистон президенти – биродарлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муносабатлари ташаббускори ва “архитектори”

11.06.2021 17:06:13

Дўстинг бўлса, боғинг чамандир, дейди халқимиз. Кейинги йилларда бу мақолни Марказий осиё халқлари кўп такрорлайди. Боиси, минтақада ўзаро ҳамжиҳатлик, тарихий дўстлик муносабатлари янгича руҳда мустаҳкамланмоқда. Бу қутлуғ жараёнда, ҳеч шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва аҳиллик йўлидаги саъй-ҳаракатлари, ташаббуслари муҳим аҳамият касб этади.


Президентимизнинг Тожикистонга расмий ташрифи ана шу йўлда навбатдаги тарихий воқелик бўлди.
Ўзбек ва тожик халқи – тарихий илдизи туташ, тақдири уйқаш, тутумлари ўхшаш эл. Шу боис, халқларимиз қуда-анда, яқин биродар бўлиб яшаган. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунларданоқ ана шу азалий қадрли муносабатларни мустаҳкамлашга бел боғлади.


Чегаралар очилди, икки мамлакат ўртасида узоқ йиллар давомида ҳал этилмаган масалаларга ечим топилди. Пировардида, бир муддат тўхтаб қолган борди-келди қайта жонланди. Халқларимиз яна дийдорлашди, меҳр ришталари қайта боғланди.


Тожикистон халқи Ўзбекистон Президентини жуда ҳурмат қилади, доим меҳр билан кутиб олади. Бунга айни чоғда давлатимиз раҳбарининг Тожикистонда давом этаётган ташрифи тафсилотларини кузатиб бораётган ҳар биримиз гувоҳмиз.


Ишонч билан айтамизки, Президентимизнинг Тожикистонга бу галги ташрифи ҳар қачонгидан-да самарали бўлмоқда. Бу энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланганида ҳам кўзга ташланади.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ўзаро музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса, Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш бўйича ҳам аниқ келишувга эришгани бугунги давр учун жуда муҳим аҳамият касб этади.
Бундай дейишимизга асослар кўп. Қўшни уйдаги жанжал, келишмовчилик бошқалар тинчини бузиши, ҳатто яқин атрофдаги оилаларга жиддий зиён етказиши тарихдан маълум. Қолаверса, ислоҳотлар, аввало, тинчлик-осойишталик ҳукмрон жойда амалга ошади. Шундагина барқарор ривожланиш бўлади, файзу барака инади. Шу боис Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг минтақадаги таҳликали вазиятларнинг олдини олишга бўлган сиёсий иродаси олқишга лойиқ.


Давлатларимиз етакчилари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида янги “ўсиш нуқта”ларини белгилаб олгани ҳам эътиборга молик. Унга кўра, эндиликда икки мамлакат ҳудудларининг имкониятларини максимал даражада ишга тушириш, уларни туманлар даражасида “боғлаш” ишлари бошланади.
Бу – ўзаро товар айирбошлаш ҳажми кескин ошади, фан-таълим, маданият соҳаларида фикр, тажриба алмашинув фаоллашади, дегани. Ўз-ўзидан аёнки, мамлакатлар ўртасидаги борди-келди, бу каби фаол муносабатлар тараққиёт учун хизмат қилади, янги ғоялар туғилишига, инновациялар шаклланишига йўл очади. Бир сўз билан айтганда, цивилизация пайдо бўлади.


Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни Тожикистоннинг юксак мукофоти – I даражали “Зарринтож” ордени билан мукофотлади. Бу давлатимиз раҳбарининг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари эътирофи бўлди.


Президентимиз қўшни мамлакатга ташрифининг иккинчи куни Хўжанд шаҳрига ташрифи ҳам жуда самимий, кўтаринки руҳда бўлди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликда Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб” маданият саройида Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашди.


Шу учрашувда Тожикистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни тиклашдаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди.
– Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва “архитектори” ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев, – деди Эмомали Раҳмон.


Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Тожикистонга расмий ташрифи икки мамлакат ва дўст халқларимиз ўртасидаги яқин биродарлик муносабатлари саҳнида янги даврни бошлаб бераётгани билан ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Равшан ДАСТИРОВ,
Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+