Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари бўйича брифинг ўтказилди

25.10.2021 19:10:56

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари бўйича брифинг ўтказилди.

Унда партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Брифингда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партиядан сайловда номзод сифатида иштирок этган Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов баёнот берди.

Таъкидланганидек, Президентлик сайлови янги Ўзбекистонга хос мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий муҳит, янги ижтимоий-иқтисодий шароитда, юксак ташкилий савияда, миллий ҳамда халқаро қонунчилик норма ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилди.

Сайловчилар томонидан давлат ва жамиятимизнинг барқарор ривожи, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича долзарб саволлар ўртага қўйилди. Фуқароларнинг таклиф ва тавсиялари уларнинг юрт тақдирига бефарқ эмаслигидан дарак берди. Учрашувларда очиқ-ошкора масалалар айтилди, муҳокама қилинди. 

Ушбу Президентлик сайлови илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. У тенглик, очиқлик ва ошкоралик, кўппартиявийлик, муқобиллик, кучли рақобат руҳида кечди. Сайлов партия учун мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, электорати манфаатларини ифодалаш имконини берди.

Сайлов куни “Адолат” СДПнинг барча даражадаги сайлов штаблари тўлиқ таркибда фаолият олиб борди. Ҳудудий ва маҳаллий сайлов штабларидан келган ахборот ва маълумотлар партиянинг марказий штабида умумлаштирилиб, таҳлил этиб борилди.

Республика бўйича барча сайлов участкаларида партиядан жами ўн бир мингдан ортиқ кузатувчи ва яна шунча ваколатли вакиллар овоз бериш жараёнларини кузатиб борди. Сайлов жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича партия марказий штабига ва ҳудудий штабларга ҳеч қандай шикоят ёки мурожаатлар келиб тушмади.

Брифингда Баҳром Абдуҳалимов сайлов кампанияси даврида барча номзодларга сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун яратиб берилган кенг имкониятлар ва тенг шароитлар учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
ахборот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+