ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД БАҲРОМ АБДУРАҲИМОВИЧ АБДУҲАЛИМОВНИНГ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ АДОЛАТ — ҲАЁТИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИ!

17.09.2021 10:09:02

Инсон мудом адолат сари интилади. Адолат тамойили асрлар давомида ота-боболаримиз ҳаётий фалсафасининг ўзаги бўлиб келган. Зеро, адолат ақидаси ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкам маънавий-ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади.

Донғи оламларга ёйилган мутафаккир аллома Алишер Навоий “Зинҳорки, зулм риштасини уз, Инсоф ила адл қасрини туз” дея одиллик жамият осойишталиги ва барқарор тараққиётини таъминловчи қудратли куч эканини алоҳида қайд этиб ўтган.

Халқимиз барча нарсадан устун қўядиган адолат ақидасини  ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш энг бирламчи вазифамиздир. Негаки, адолат ҳукм сурган жамиятда тинчлик, бағрикенглик ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишонч-эъти­қоди ортади, фуқароларнинг Ватан келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади.

Янгиланаётган мамлакатимиз сиёсий майдонида халқчил ғоялари билан ўз нуфузига эга бўлган “Адолат” социал-демократик партияси фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизда Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуришни ўзининг бош мақсади деб билади.

Фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини кафолатлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, аҳолининг заиф тоифаларини алоҳида ҳимоя қилиш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш партия фаолиятининг муҳим йўналишлари сирасига киради.

Сайловчиларга ўз дастуримизни партиямизнинг ўз олдига қўйган мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран анг­лаган ва “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда таклиф этмоқдамиз.

Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланиш­ларни изчил давом эттиришни бош мақсадимиз, деб биламиз ва қуйидаги вазифаларни устувор деб ҳисоблаймиз:

 

БИЗНИНГ МАҚСАДИМИЗ АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ВА АДОЛАТПАРВАР

ДАВЛАТ ҚУРИШ!

 

“Адолат” СДП учун олий қадрият бу – инсон!

Унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир.

“Адолат” социал-демократик партияси – кучли адолатли жамият ва чинакам адолатпарвар давлат қуриш ғояси асосида:

– халқ самарали ҳокимияти тамойилини изчил амалга ошириш;

– парламентаризмни ривожлантириш;

– давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида вакиллик органларининг ролини янада кучайтириш мамлакатни демократик янгилашнинг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди.

Биз депутатларнинг сайловчилар ва партия олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини халқ ҳаёти билан узвий боғлаш чораларини кўрамиз. Ишончни оқламаган депутатларни чақириб олишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқамиз ва уларни қонунчиликка киритиш чораларини кўрамиз.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтириш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур, деб биламиз. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини амалиётга татбиқ этиш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари лавозимини ҳоким лавозимига боғлиқ бўлмаган ҳолда алоҳида жорий этиш партия фаолиятининг мақсадидир.

Ижро ҳокимиятини инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган шаффоф ва самарали институт даражасига олиб чиқиш тарафдоримиз.

Биз халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишдаги ваколатларини кенгайтириш чораларини кўрамиз.

Бунинг учун:

– маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш;

– давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган ваколатларни бажариши учун уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш  билан боғлиқ механизмларнинг аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқамиз.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига танлов асосида ишга қабул қилиш ва ходимлари сонини мақбуллаштириш борасида таклифлар киритамиз.

Мақсадимиз – давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилишдир. Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз.

Ижтимоий адолатни қарор топтириш, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва давлат бошқарувида ошкора танлов тизимини изчил амалга оширишдир.

Бунинг учун барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқамиз ва уларни изчиллик билан амалга оширамиз.

Коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этиб, жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз ва кенг оммага етказиш борасида самарали тарғибот ишларини ташкил қиламиз.

Давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтиришни таъминлашнинг самарали йўлларини жорий қилиш тарафдоримиз.

Бу борада адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қурилишининг барча жабҳаларида қонунчилик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади.

Ишончимиз комилки, жамоатчилик назоратини ўрнатмай туриб, мавжуд салбий иллатларни йўқ қилиб бўлмайди. Бундай назоратни ташкил қилишда партия жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилади.

Мансабдорларнинг ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда ер майдонлари ва барча табиий ресурсларни тақсимлашига мутлақо чек қўямиз.

Мамлакат бойлиги: ери, ўрмонлари, минерал ресурслари ва бошқа табиий ресурслари мансабдорларга эмас, сўзсиз халққа тегишли бўлиши керак.

Мамлакат пойтахтини кенгайтириш ва ривожлантириш тарафдоримиз. Аммо биз, мавжуд хонадонларни бузиш эвазига эмас, пойтахтнинг маъмурий марказини, яъни Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва давлат идораларини шаҳардан ташқарига чиқариб, пойтахтни халқимизнинг дам олиш, саёҳат қилиш ва ҳордиқ чиқариш масканига айлантирамиз. Пойтахтни том маънода халққа берамиз!

 

АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ УЧУН!

 

Партиямиз фаолиятининг яна бир устувор йўналиши жиноятчиликка, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашишдир.

Биз барча соҳадаги ижтимоий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга интиламиз.

Қонун устувор бўлган жойда адолат барқарор бўлади. Қонун мустаҳкам бўлган жойда кўнглимизда ҳаловат, турмушимизда хотиржамлик, ҳаётимизда фаровонлик бўлади.

Қонунлар адолатли бўлиб, инсон ҳуқуқлари амалда ҳимоя қилинса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади.

Автомобиль йўлларида, пиёдалар йўлакларида қонун устувор бўлмас экан, бу ҳам халқ фаровонлигига соя солаверади. Шу нуқтаи назардан, йўлларда фақат қонун устувор бўлишини таъминлаш учун барча қонуний чораларни кўрамиз, қонун ҳужжатларини такомиллаштирамиз.

Адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқамиз. Жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, жарималар уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таъминлаймиз. Айрим жиноят турларига маънавий жазо чоралари қўллашни илгари сурамиз.

Биз прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугатамиз.

Давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунинг­дек, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб борамиз. Негаки, ҳақиқат ва адолат билан сиё­сат юргизмаган ҳар қандай масъул ходим фуқароларнинг давлат сиёсатига муносабатини салбий томонга ўзгартириб юбориши мумкин.

Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо муқаррар” тамойилини қарор топтириш ишларини давом эттириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Бу мақсадда биз адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттирамиз. Халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мус­таҳкамлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш ишларини изчил давом эттирамиз.

Ноҳақликнинг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараёнини қуйи поғоналарга – туман (шаҳар) даражасига тушириш, уларга “халқ судлари” мақомини бериш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш борасида мақсадли чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фик­рини инобатга олиш амалиётини янада кенгроқ йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Барча жазолар одил судлов органлари томонидан амалга оширилади. Ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаймиз.

Фуқаролар суд органларини ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони деб билиши керак.

Биз адвокатларнинг нуфузи ва мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриш, бу борада амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш учун курашамиз. Судда ҳам, давлат ва маҳаллий давлат идораларида ҳам кам таъминланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қиладиган бепул давлат юридик ёрдами кўламини кенгайтирамиз.

Бизнинг партия ижро билан боғлиқ барча ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идоралари бошқарувига бериш тарафдори.

Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.

 

ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРАМИЗ!

 

“Адолат” СДП ижтимоий сиёсатининг асосий мақсади ижтимоий адолатни қарор топтириш ва халқ фаровонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро учун давлат томонидан кафолатланган ижтимоий таъминот тизимини яратишдир.

Биз анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз.

Меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришамиз, ходимни эксплуатация қилишга қарши кес­кин курашамиз. Мамлакат ялпи аҳолисининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, ҳар бир инсонни бой қилиш чораларини кўрамиз. “Иш ҳақи минимуми”, “Яшаш минимуми” каби тушунчаларнинг қонуний асосларини яратамиз.

Ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли. Биз уй-жойларнинг нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир. Биз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаймиз.

Мамлакатимизда ва чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берамиз, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олишини кафолатлаб берамиз.

Биз ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам иш билан таъминланиши, таълим олиш, пенсия ва тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлишлари керак, деб ҳисоблаймиз.

Биз пенсиядаги юқори чекловларни бекор қиламиз ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўямиз. Пенсионерлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратамиз.

“Ислоҳот – инсон учун хизмат қилиши” тамойилини янада кенгроқ қарор топтириш мақсадида давлат ва бизнес манфаатлари уйғунлигини таъминлаш орқали ижтимоий адолатга эришиш чораларини кўрамиз.

CОВИД-19 таълим жараёни ва иш билан таъминлашда жиддий тўсиқлар яратди ва кўп одамларнинг руҳий саломатлиги сезиларли даражада таъсир қилди. Бундай шароитда аҳолининг заиф тоифаларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис­дан фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Инқирозга қарши кураш – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, лозим деб ҳисоблаймиз.

 

ТАЪЛИМ СОҲАСИДА АДОЛАТ УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙМИЗ

 

Ҳозирги кунда ривожланган давлат мақомига етишиш учун аҳолининг билим савиясини ошириш ва дунёқарашини талаб даражасида шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис таълимга инвестиция киритиш – Ўзбекистон келажагига сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омили демакдир.

Мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтарамиз. Болаларни мактаб­гача таълим ташкилотларига ҳозиргидек уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай нав­батларсиз, юз фоиз қамраб олинишига эришамиз. Социал-демократия ғояларига мос равишда давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қиламиз.

Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширамиз ва бу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ташаб­бускори бўламиз.

Таълим ва тарбия тизимини ривожланган ва шарқ маданиятига мос келадиган илғор тажрибалар ва миллий қадриятлар, диний ақидалар асосида умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратамиз. Умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарслик­лар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қиламиз.

Марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз. Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратамиз.

Биз олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз. Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз.

Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритамиз ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтинг­­га эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатамиз.

Биз таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантирамиз!

Мамлакат таълим тизими умуминсоний қад­риятлар билан уйғунлашган ҳолда ёшларимизнинг ижтимоий адолатга ишончини кучайтириши, билим ва маърифатга интилиши учун хизмат қилмоғи лозим!

Сифатли таълим бу бахтли ва фаровон келажак кафолатидир!

 

ИЛМ-ФАН – АДОЛАТ ВА ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

 

Ҳозирда дунёда кечаётган шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали муносиб жавоб бериш мумкин.

Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этишда партия таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўради.

Бунинг учун биз таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жой таклиф қиламиз. Илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошади, уни давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаш зарур, деб ҳисоб­лаймиз.

Биз нафақат олимларни, балки ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шароитларни яратамиз! Шунингдек, бугунги кунда эътибордан четда қолаётган иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш чораларини кўрамиз.

Мамлакатимизда фундаментал фанлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш; қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар; гидрология ва сув муаммолари; энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар; экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мус­таҳкамлаймиз.

Мамлакатда “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – 2030” концепциясини ва манзилли дастурлар ишлаб чиқиш таклифини илгари сурамиз. Бунда, алоҳида эътиборни Картахен протоколининг амалга оширилишига ва ген муҳандислик усуллари ёрдамида ўзгартирилган организм маҳсулотларини яратиш ва фойдаланиш тамойилларига қаратамиз.

Ўзбекистонда жаҳоннинг Гавай, Канар ороллари ҳамда Чилида жойлашган энг нуфузли обсерваториялари билан рақобатлаша оладиган Майданак обсерваториясидан унумли фойдаланган ҳолда астрономия соҳасида аждодларимиз илмий мероси анъаналарини давом эттирамиз. Бу, ўз навбатида, ёшларимизда илм-фанга ҳамда юқори технологияларга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади.

Учинчи Ренессанснинг пойдевори сифатида илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз.

Илм-фан – тараққиёт гарови! 

 

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ 

УЛКАН БОЙЛИК, ЖАМИЯТНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИ ГАРОВИДИР

 

Биз аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдоримиз.

“Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қилиш тарафдоримиз.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштиришда, яъни фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

“Тиббиёт ходими” мақомини белгилаймиз, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида мавжуд ҳуқуқий базани янада такомиллаштирамиз.

Шунингдек, репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш ва тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътиборимизда бўлади.

Ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш энг устувор йўналишларимиздан биридир.

Давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Шу мақсадда дориларнинг ягона электрон базаси тизимини шакллантириш ёрдамида дори-дармон спекуляциясига, дориларнинг нархи асоссиз оширилишига чек қўямиз!

Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз қишлоқда ва таълим тизимида тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришдир. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биз мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида амалга ошираётган ишларимизни изчил давом эттирамиз.

Айниқса, бугунги кунда болалар орасида кенг тарқалаётган ва уларнинг соғлом ривожланишига тўсиқ бўладиган ясситовонлик, сколиоз, тиш касаллик­ларига биринчи ва ўта муҳим масала сифатида қараймиз.

Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз – тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, “Тиббий маданият” тизимини яратиб, аҳолига замонавий, юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашдан иборат.

АЁЛ – МУҚАДДАС, ОИЛА – ЖАМИЯТ АСОСИ

 

Аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила аёллар ўз меҳри билан оиладаги ижобий муҳитни, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб турадилар.

Партия оилаларда адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга асосий эътиборини қаратади.

Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқамиз.

Репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини барқарор таъминлаш мақсадида, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга оширамиз.

Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, Гендер тенглигига эришиш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш партия фаолиятининг устувор йўналишидир.

Ижтимоий адолатни қарор топтиришда партия ўз олдига хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этишни мақсад қилиб олган.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳ­нат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Биз хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда бардавом бўлиб, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтирамиз.

Хотин-қизларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш,  аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш учун кўмаклашиш партия фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.

 

ЮҚОРИ МАЪНАВИЯТ БИЛАН АДОЛАТ САРИ

 

Ҳар қандай давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади.

Адолат ва маънавият ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир.

Шу нуқтаи назардан, жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқамиз.

Маънавий тарбиянинг устуворлигини таъминлаш учун “Адолат” СДП давлат барча маданий, тарихий ёдгорликларни ва табиат ёдгорлик­ларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратишини шарт, деб ҳисоблайди ҳамда тарихий қадриятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалари”ни яратиш ва жорий этишни илгари суради.

“Адолат” СДП Ўзбекистонда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш жараёнлари, бун­ёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишда маънавий хавфсизликни таъминлашнинг қонуний асосларини яратишни ўзининг бош мақсади, деб билади.

Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди!

 

САМАРАЛИ ИҚТИСОДИЁТ – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

 

Бизнинг партия давлат иқтисодий натижа ва ютуқларини адолатли тақсимлаш тарафдори!

Бугунги кунда иқтисодиётнинг самарали ривож­ланишини, давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган ялпи ички маҳсулотни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналиши, адолатлилигини ҳар бир фуқаронинг онг-шуурига етказиш партиянинг бирламчи вазифасидир.

Шу мақсадда, рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаймиз. Иқтисодиёт қачон ривожланади, қачонки эркин ва рақобатли бўлса. Биз рақобатни кучайтириш орқали монополияга барҳам берамиз. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани қудратли ҳуқуқий воситага айлантирамиз ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўямиз. Ҳар қандай низо суд қарори билан ечим топади.

Биз бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур, деб биламиз ҳамда “рақобат – мумкин қадар, давлат бошқаруви – зарурат қадар” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш тарафдоримиз.

Биз аҳолининг катта қисми яшаётган қишлоқ ҳаётини тубдан янгилаймиз, энг оғир бўлган куз-қиш мавсумида ҳар бир қишлоқда узлуксиз ва эҳтиёжни тўлиқ таъминлайдиган даражада табиий газ ва электр энергияси етказадиган тизимни жорий қиламиз. Ва бу билан аҳолига фаровонлик бағишлаймиз, тадбиркорга шароит яратамиз.

Агрофирма ва давлат хўжаликларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқаришда, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда, бандлик ва қашшоқлик муаммоларини ҳал этишда катта натижалар беради, деб ҳисоблаймиз.

Интеллектуал мулк объектлари (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтирога бўлган ҳуқуқлар ва бошқа) ҳуқуқлари бузилишига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ихтирони қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳам иқтисодни ривожлантиришга йўналтирилган вазифаларимиз қаторида бўлади.

Биз адолатли ва рақобатбардош тадбиркорлик фаолиятини жорий қиламиз. Бунда монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўямиз. Хусусан, “УзАвтоМоторс” АЖга берилган имтиёзлар ва автомобиллар импортига белгиланган божхона тўловларини ҳар йили 15 фоиздан камайтириб очиқ рақобатга ўтишини, божхона тушумларининг камайиши эса тўланадиган солиқлар билан қопланишини таъминлаймиз.

Биз декларациялар топшириш тизимини янада такомиллаштириб ҳаётга чуқурроқ интеграция қиламиз. Декларацияларни барча даромад олувчиларнинг топширишларига қаратилган сиёсатни олиб бориш билан биргаликда, ҳар бир инсоннинг катта миқдордаги харажатларини ҳам декларациялаш принципларини жорий қиламиз.

Биз янгича саноат сиёсатини юритамиз!

Ялпи ички маҳсулотда кичик ва ўрта бизнес улушини кескин оширамиз!

Саноат электр энергиясисиз бўлмайди. Бунинг учун нафақат АЭС, альтернатив электр манбаларидан кенгроқ фойдаланиш чораларини кўрамиз.

Тадбиркорларга қонуний имконият ва имтиёзлар берамиз. Аммо биз маҳсулот сифатини қатъий давлат назоратига оламиз, аниқ стандартлар жорий этиб, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаймиз!

Биз иқтисодиётни инсон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда модернизация қилиш бўйича комплекс чоралар кўрамиз.

Жумладан, рақамли технологияларга асос­ланган иқтисодиётга ўтишда университет ва касб-ҳунар таълимининг мавжуд тизимини ислоҳ қилиш; рақамли иқтисодиётда инновациялар ва тадбиркорликнинг ўсишига жавобан, давлат идоралари, айниқса, молиялаштириш бўйича тўлиқ қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш; бандлик соҳасида онлайн иш билан таъминлаш каби масалаларини қамраб оладиган “Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепцияси – 2030” дас­турини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.

Иқтисодий соҳада республикамизда олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мус­таҳкамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк ва суғурта тизимларини янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Партиямиз – адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдори.

Солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни тўлиқ ёки қисман солиқдан озод қилишни таклиф қиламиз. Шунингдек, ижтимоий тенглик ўрнатиш мақсадида қимматбаҳо буюмларга солиқ ва катта майдондаги кўчмас мулк учун прогрессив солиқларни жорий этамиз.

Мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқдир. Шу сабабдан ҳам ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига йўналтирилиши шарт, деб ҳисоблаймиз.

Яъни, барча даражадаги давлат ташкилотларининг “шахсий чўнтаги” бўлган турли махсус жамғармаларни бекор қилиб, давлат бюджетига тушишини таъминлаймиз. Бир сўз билан айтганда, халқ тўлаётган мажбурий ва бошқа турдаги тўловлар давлат бюджетига тушиши тарафдоримиз!

Бюджет харажатларининг шаффоф ва адолатли тақсимланишини тўлиқ назоратга оламиз. Барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари харажатларининг шаффофлигини таъминлаймиз.

 

ТИНЧЛИКСЕВАР, АДОЛАТЛИ ВА ПРОГРЕССИВ ТАШҚИ

СИЁСАТ ТАРАФДОРИМИЗ

 

Ҳаётда Ўзбекистон суверенитетига, изчил ва барқарор ривожига хавф солиши мумкин бўлган кучларга муносиб жавоб қайтарадиган хавфсизлик тизими яратилиши тақозо этилмоқда. Мазкур вазифаларни бажарган тақдирдагина биз фаровон турмушга, адолатли ҳаётга эришамиз, жаҳон ҳамжамиятида ўзимизга муносиб ўрнимиз ва нуфузимиз бўлади.

Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтиришни долзарб вазифа, деб биламиз.

Биз бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликка йўналтирилган сиёсат олиб борамиз.

Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз билан очиқ, дўс­тона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга ошираётган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни устувор вазифаларимиздан бири, деб ҳисоблаймиз. Ушбу масалаларни ҳал қилишда БМТнинг ихтисослашган институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий соҳага доир дастурларни ҳамкорликда амалга оширишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлаймиз.

“Адолат” СДП дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар, яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувларни теран англаган ҳолда юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш тарафдоридир.

Азиз ватандошлар!

“Адолат” СДП ўз олдига юқорида қайд этилган олижаноб ва эзгу мақсад-вазифаларни белгилаб олган. Улар адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуришда – ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, меҳнаткаш халқимиз учун муносиб фаровон ҳаётни барпо этиш, мамлакатимизда барқарорликка ва ижтимоий адолат устуворлигига эришиш бизнинг эзгу орзуимиз эканлигининг яна бир далилидир!

Ҳаётда ижтимоий адолатни ўрнатиш, албатта, кўпдан-кўп омилларга боғлиқ. Сизнинг сайловдаги фаол иштирокингиз ва хоҳиш-истагингиз асосида биз мамлакатимизда кейинги 5 йил мобайнида уларни ҳаётга татбиқ эта оламиз.

Ишонамизки, партиянинг бундай улуғвор мақсадлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади!

Сайловда партиямиз кўрсатган номзодни қўллаб-қувватласангиз, Сиз – азиз юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун, белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз!

Мақсадимиз ҳаммамиз учун азиз ва мўътабар шу заминда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойиш­таликни, барқарорликни сақлашдир.

Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир фуқароси эркин, адолатли, тинч ва фаровон яшашга ҳақлидир!

Адолат ақидаси ҳаётимизнинг бош мезонига айланиши даркор!

Бизнинг шиорлар:

Куч – адолатда!

         Адолат ва бирдамлик!

                  Адолат – ҳар бир инсон учун!

                           Адолат бор жойда тараққиёт бор!

                                     Илм-фан – тараққиёт гарови!

                                              Коррупция – тараққиёт кушандаси!

                                                        Мақсадимиз халқимиз саломатлигидир!

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+