ЎЗБЕКИСТОННИНГ БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ НАМОЁН ЭТИЛДИ

23.11.2022 18:11:29

 

Ўтган олти йилликда мамлакат тараққиётини таъминлаш учун белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ўсиш сурати тубдан ўзгарди. Бу борада, энг аввало, ислоҳотларнинг қон-томири бўлган, мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш, солиқ-бюджет ислоҳотларини олиб боришга асосий эътибор қаратилди.

Натижада, валюта бозори либераллаштирилиб, валюта тушумларини сотиш мажбуриятлари бекор қилинди. Импорт қилишда чет эл валютасини эркин харид қилиш ва чет эл инвесторларининг фойдани эркин олиб чиқиш имконияти яратилди. Бундай қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилган ислоҳотларимиз натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётимизга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.

Шу билан бирга, божхона тўловлари ставкалари икки баравар пасайтирилди. Ҳукумат, барча вазирлик ва идоралар ҳамда Марказий банк томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети ижроси, пул муомаласи ва олтин-валюта заҳиралари ҳолати тўғрисидаги барча статистик ва таҳлилий маълумотларни доимий равишда очиқ чоп этиб бориши йўлга қўйилди.

Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун барча зурурий шароитлар яратиб берилди. Бунинг натижасида эса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текшириш амалиёти бекор қилинди. Соҳага ахборот технологияларининг кенг жорйи этилиши натижасида тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун давлат хизматларини кўрсатиш тартиботлари сони, рўйхатдан ўтиш учун кетадиган вақт қисқарди.

Жумладан, соҳада икки юздан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага қисқарди, айрим солиқ ставкалари 2 баробар камайтирилди. 2019 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилган бўлса, келгуси йилдан бошлаб 15 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Ушбу ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисида юқоридаги каби амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар билан бир қаторда, Ўзбекистонда келгусида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумотлар айтиб ўтилди.

Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо хоним ҳамда жаҳоннинг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этган ушбу анжуманда Давлатимиз раҳбари томонидан миллий иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва унинг жаҳон иқтисодиётига интеграцияси учун барча зарур шароитларни яратиш мамлакатда амалга оширилаёган ислоҳотларнинг асосий йўналиши этиб белгиланганлиги таъкидланди.

Шу боисдан, барча имкониятлардан кенг ва самарали фойдаланган ҳолда келгуси 10 йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги кўрсаткичдан икки баробар ошириш, хусусан, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш мақсад қилинган.  Шу билан бирга, бундай юксак марралар учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш режалаштирилган.

Ушбу инвестицияларни, энг аввало, аҳолининг турмуш фаровонлиги ва кундалик эҳтиёжларида бирламчи аҳамият касб этувчи саноат тармоқларини модернизация ва трансформация қилиш, ишлаб чиқариш, коммунал ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш каби давлат тасарруфидаги анъанавий соҳаларни тараққий эттириш йўналишларида ўзлаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда илғор хорижий амалиёт ва тажрибани жорий этиш мақсадида Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида доимий фаолият юритадиган Инвесторларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитасини ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.

Самимий мулоқот руҳида бўлиб ўтган учрашувда банк-молия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, хорижий банкларни Ўзбекистонга фаол жалб этиш, самарали фонд бозорини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Сўнгги йилларда иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусийлаштиришни янада чуқурлаштирилиши натижасида Ўзбекистонда 1 минг 200 та давлат корхонаси хусусийлаштирилди. Келгуси йилнинг ўзида яна мингга яқин корхона ва кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, давлат-хусусий шериклик механизмлари иқтисодиётимизнинг барча тармоқларига фаол татбиқ этиб келинмоқда. Қисқа муддатда мазкур йўналишда сезиларли натижаларга эришилганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Биргина энергетика соҳасида Ўзбекистон, ушбу механизмлардан фойдаланган ҳолда, 8 миллиард доллардан ортиқ маблағни жалб этди.

Хорижий инвеститцияларни ўзлаштиришда Ўзбекистоннинг яна бир ўзига хос тармоғи бу бой табиий ресурсларидир. Айни кунларда Ўзбекистон олтин захиралари бўйича дунёда 2-ўринни, мис бўйича – 7-ўрин, вольфрам бўйича – 8-ўрин, кумуш бўйича – 9-ўрин, уран бўйича – 12-ўринни эгаллаб турибди.

Шу боис, фойдали қазилма конларини ўзлаштириш соҳасига йирик инвестицияларни жалб этиш мақсадида геологик маълумотларни очиқ эълон қилинди. 10 дан ортиқ турдаги стратегик фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун солиқ ставкаларини пасайтирилди, ер солиғи бекор қилдинди, махсус техникаларни олиб кириш божхона тўловларидан озод этилди.

Яна бир иқтисодий йўналишда долзарб бўлиб, кун тартибига чиққан муҳим масала бу — “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш масаласидир. Ўзбекистон Ҳукумати томонидан сўнгги йилларда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш жараёнида фаол иш олиб борилмоқда.

Қабул қилинган стратегиямизга мувофиқ, 2026 йилга бориб муқобил манбалардан олинадиган энергиянинг умумий генерациядаги улушини 25 фоизга етказиш белгиланган. Шу билан бирга, илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш ва қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишгак алоҳида эътибор қаратилади.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларининг айнан Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилиши ҳамда бу жараёнда қонун устуворлиги, хусусий мулк дахлсизлиги ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бош тамойилларидан бири этиб белгиланганлиги, Ўзбекистонда бошланган иқтисодий ислоҳотлар ортга қайтмас даражада қатъий эканлигини билдиради.

 

Мавлуда Адхамжонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+