Қалбларга ором бағишловчи айём муборак, азиз юртдошлар!

20.07.2021 03:07:38

Халқимиз азалдан миллий қадриятлар, гўзал урф-одатларга алоҳида  эҳтиром билан қарайди. Одатда, бундай муборак кунлар инсонларни ўзаро жипслаштириб, улар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари юртимизда мудом кўтаринки кайфият ва баҳамжиҳатликда ўтказилади. Айниқса кейинги йилларда байрам кунлари аҳолининг тўлақонли дам олиши учун зарур бўлган қулай шароитларнинг давлатимиз томонидан муҳайё этилаётгани  республикада фуқароларимиз саломатлиги давлат аҳамиятига молик устувор вазифа сифатида катта эътибор берилаётганини кўрсатади.    

Ўтган йилдан бошлаб эса ҳайит айёмларини карантин шароитида, уйда қолган ҳолда нишонлашга мослаша бошладик. Зеро, синовли кунларда барчадан бирваракайига донолик, кўринмас хавф-хатарнинг олдини олишга қаратилган  оқилона чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, уларга риоя қилиш талаб этилади. Ҳозирги ўта қалтис вазиятда бир ёқадан бош чиқариб, нозик довонлардан эсон-омон ўтиб олсак, яқин келажакда яна катта давраларда, меҳмоннавозликда байрамларни ўтказишга қайтамиз, албатта. Шу боис, барчангизни ер юзидаги эпидемиологик беқарор вазият тақозосидан келиб чиқиб, бу йилги Қурбон ҳайитини ҳам карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, оила бағрида ўтказишга чорлаймиз.

Шак-шубҳа йўқки, эзгулик масофа билмайди. Дўст-биродарларимиз, қавм-қариндошларимиз, қолаверса барча ютдошларимизга нисбатан яхши ниятда, чиройли дуода бўлар эканмиз, бу билан бутун дунёга эзгулик уруғларини қадаган бўламиз. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Умид қиламизки, турли синовлар оғушида қолган бугунги муборак кунлар кейинги порлоқ истиқболимиз учун ўзига хос дебоча бўлади. Шундай экан, олдингизга қўйган мақсад ва режаларингизнинг ижобий самараларини, Яратганнинг инояти билан шу яқин кунларда, албатта, кўражаксиз, азиз юртдошлар!

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва кўп сонли партиямиз аъзолари номидан барча юртдошларимизни муборак Қурбон ҳайити билан самимий қутлаймиз! Қалбингизга хотиржамлик, вужудингизга соғлик-саломатлик доимо ҳамроҳ бўлишини тилаймиз.

Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Зотан, Сиз - Янги Ўзбекистоннинг  том маънодаги бунёдкорлари, Ватан равнақи ва эл-юрт фаравонлигини таъминлашга қаратилган буюк ислоҳотларнинг амалдаги ижрочиларисиз!

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+