Сайловчилар билан мулоқотлар қизғин кечмоқда

01.12.2022 12:12:49

Ноябрь ойининг сўнгги кунларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳрида ўз сайловчилари билан учрашди. Парламент аъзоси дастлаб бир қатор маҳаллаларда аҳоли мулоқотлар ўтказди. Уларда дунёда юз бераётган воқеалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Албатта, сайловчилар ҳаётда дуч келинаётган бир қатор муаммолар ҳақида ҳам сўзлашди. Одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан таклифлар ҳамда мулоҳазалар билдирилди. Мисол учун, Давлатобод туманидаги «Орзу» маҳалласида ички кўчаларни асфальтлаш масаласи кўтарилди. Чунки ёмғирли кунларда пиёдалар лой кечиб юришига тўғри келмоқда. Эски симёғочларни темир-бетон таянчларга алмаштириш кераклиги ҳам таъкидланди. Ҳудудни чиқиндилардан тозалаш бўйича ҳам амалий чоралар кўриш сўралди.

«Давлатобод» МФЙдаги учрашувда сайловчилар ҳудуддаги мактабда қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати қониқарсиз эканлиги айтиб ўтилди. Депутат дарҳол бир гуруҳ «Адолат» СДП фаоллари билан ушбу таълим масканига йўл олди. Чиндан ҳам ҳудуддаги 33-умумтаълим мактабида қишга ҳозирлик ишлари тўлиқ якунланмаган экан. Иситиш тизими ишга туширилмагани учун хоналар совуқ. Ўқувчилар иссиқ, қалин кийимларда ўтиришибди. Албатта, бундай ҳолат дарс-машғулотлар сифатига таъсир этмай қолмайди. Шунинг учун парламент аъзоси ушбу мактабга Давлатобод тумани ҳокимлиги мутасаддиларини таклиф қилди ва улар билан биргаликда юз берган ҳолатни обдон ўрганди. Вазиятни ўнглаш учун шошилинч чоралар белгиланди. Уларнинг ижросини назорат қилишни депутат ёрдамчиси Акмалжон Ҳайдаров ва партия фаоллари зиммаларига олдилар.

«Депутат - ёшлар даврасида» лойиҳаси доирасидаги учрашув эса Наманган давлат университетида ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов юридик факультети иккинчи босқич талабалари билан суҳбат ўтказди. Унда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун» лойиҳаси ҳамда янги таҳрирдаги «Меҳнат кодекси» асосий мавзу бўлди. Интерфаол усулда ташкил этилган тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

– Бўлажак ҳуқуқшунослар учун бундай мулоқотларнинг аҳамияти жуда катта, - дейди НамДУ юридик факультети декани ўринбосари Иброҳимжон Отамирзаев. - Улар суҳбат жараёнида қонун ижодкорлигининг ўзига хос жиҳатлари билан танишдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Шу билан бирга ҳар икки ҳужжатга муносабатларини билдиришди. Биз бундан кейин ҳам шундай учрашувлар бўлиб туришини таклиф этдик. Депутат бунга розилигини айтди. Демак, талабалар учун фойдали мулоқотлар яна ташкил қилинади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+