Самарқанд саммити: ташаббуслар қадриятлари бир бўлган туркий халқлар яқинлашувига хизмат қилади

23.11.2022 16:11:09

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) – Евроосиёнинг марказида умум геосиёсий, иқтисодий ва маданий маконда жойлашган мамлакатларнинг мақсадларини бирлаштирадиган тузилма бўлиб, унинг роли ҳамда аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мазкур ташкилотнинг илк саммити жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, бир қатор соҳаларда янги имкониятларни ишга тушириш борасида бир қанча таклифлар билдирилди, “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини"ни барпо этиш ташаббуси илгари сурилди.  

Маълумотларга кўра, ТДТга аъзо давлатларнинг умумий товар айирбошлаш ҳажми 970 млрд. АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади. Бироқ, ТДТ ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажми 21 млрд. АҚШ доллари ёки умумий савдо ҳажмига нисбатан 3 фоиздан камроғини ташкил этади. Агар ташкилотга аъзо давлатлар иштирокида иқтисодий имкониятлар ҳудуди ташкил этилса, албатта аъзо давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми бир неча баробарга ортишига олиб келади.  

Давлатимиз раҳбари ТДТга аъзо давлатлар ўртасида «Халқаро туркий иқтисодий Форум»ни ўтказишни таклиф этди. Мазкур тадбирнинг ўтказилиши ташкилотга аъзо давлатларнинг устувор соҳаларига инвестицион лойиҳаларни йўналтириш, хомашё сотиш ҳажмини камайтириш, юқори технологик товарлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга олиб келади.  

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 150 минг тоннага яқин мис ишлаб чиқарилади. Бироқ мазкур маҳсулотнинг фақатгина 55 минг тоннаси қайта ишланади. Қолганини хомашё сифатида сотишга тўғри келади. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган таклифнинг амалга оширилиши энг аввало аъзо давлатларнинг ишлаб чиқариш салоҳияти янада ошишига, бизнес вакиллари ўртасида ўзаро алоқаларнинг кучайишига ҳамда ташкил этилаётган Инвестицион фонднинг самарадорлиги ортишига замин яратади.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган яна бир муҳим таклиф, бу – транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш мақсадида “Қўшма ҳамкорлик"нинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқишдир. Бу таклифни амалиётга жорий этиш ўз навбатида минтақадаги транзит коридорларининг рақобатбардошлигини оширишга, бизнес соҳа вакиллари учун энг мақбул тарифларни жорий этишга ҳамда замонавий транспорт инфратузилмасининг яратилишига олиб келади. Бироқ, ҳозирги кунда Транскаспий халқаро коридори орқали Ўзбекистоннинг умумий савдо юкларининг 10 фоизига яқини ташилмоқда. Бундан кўринадики, ТДТга аъзо давлатлар ўртасида савдо юклари ҳажмини оширишда айрим муаммо ва тўсиқлар мавжуд. Агар келажакда ташкилотга аъзо давлатлар иштирокида транспорт соҳасида қўшма ҳамкорлик йўлга қўйилса, албатта бу минтақадаги давлатлар ўртасида халқаро юк ташувлар ҳажмининг ортишига ҳамда ўзаро савдо кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади.  

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган долзарб таклифлардан бири, бу – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар иштирокида доимий равишда «СМАРТ” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш.  

Таҳлилларга кўра, ташкилотга аъзо давлатларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига юқори даражада қарамлиги мавжуд. Бу ҳолат албатта ички бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун Давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига инновацион технологияларни қўллаш ҳамда сувни тежаш бўйича ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш юзасидан ТДТга аъзо давлатлар иштирокида «СМАРТ” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ҳар йили доимий ўтказишни таклиф этди.  

Саммитда келажак бунёдкори ҳисобланган ёшларни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилда Ўзбекистонда туркий ёшлар илм-фан ва инновациялари халқаро Конгрессини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Мазкур конгресс ўтказилиши мамлакатлар тараққиётининг асоси бўлган илм-фан соҳасини янада ривожлантириш ва келажак пойдевори бўлган ёшларни рағбатлантириш учун ажойиб имконият бўлиб хизмат қилиши билан бир қаторда, таълим тизими ходимлари, университетлар, ташкилот оқсоқоллари, ёшлар ўртасидаги ҳар томонлама кенг қамровли учрашувлар ташкил этишни кўзда тутганлиги билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.  

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Туркий давлатлар ташкилоти Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиши таклиф этилди.  

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.  

Биринчидан, ёшларга оид давлат сиёсатининг аниқ мақсад ва вазифалари белгилаб қўйилди. Бу борада Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Ушбу концепцияни самарали амалга ошириш мақсадида 62 та банддан иборат бўлган Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.  

Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида ёшлар масаласига оид ташаббус ва ислоҳотларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, улар ўз мазмун-моҳиятига кўра тарихий, халқаро-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва маданий жиҳатдан юқори аҳамиятга эгадир. Тан олиб айтиш керакки, халқаро майдонда Янги Ўзбекистон сингари ёшлар масаласини кун тартибига олиб чиққан, амалий таклиф ва ташаббусларни илгари сурадиган халқаро ҳуқуқнинг субъекти йўқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.  

Шу ўринда айтиш керакки, Президентимиз томонидан ҳар сафар юксак минбарлардан туриб, ёшлар масаласи юзасидан тарихий таклифларнинг билдирилиши Ўзбекистон ёшларига катта ғурур ва мотивация беради.  

Умуман олганда, шу ва бошқа ташаббуслар дини, тили ва қадриятлари бир бўлган туркий халқлар яқинлашувига хизмат қилади.  

 

Тошпўлат МАТИБАЕВ,  

социология фанлари доктори, профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+