Сейсмик хавфсизлик талабларининг бажарилиши бўйича доимий назорат олиб борилади

17.09.2021 18:09:02

Ер силкиниши табиий офатлар орасида энг кўп қурбонларга ва мамлакатларнинг иқтисодиётига зарар етказилишига сабаб бўлувчи офат ҳисобланади. Сўнгги 10 йил мобайнида дунёда содир бўлган фалокатли зилзилалар натижасида 914 минг киши қурбон бўлган, жабрланганлар сони 2,5 миллиондан ортиқ кишини, умумий иқтисодий зарар эса 360 млрд. долларни ташкил этган.

Куни кеча Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.

Мазкур ҳужжат билан мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асоси такомиллаштирилди, масъул давлат органларининг бу борадаги ваколатлари белгиланди. Хусусан, ҳукумат томонидан ҳудудларда сейсмопрогностик мониторинг ва сув омборларида доимий сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни олиб бориш, фавқулодда вазиятларда тезкор-қутқарув ишларини ташкиллаштириш, давлат тизими куч ва воситаларининг зилзилаларга шайлигини таъминлаш, зилзила хавфи ҳақида аҳоли ва давлат органларини тезкор хабардор қилиш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, қурилиш жараёнида эса, сейсмик хавфсизлик талабларининг бажарилиши бўйича доимий назоратни олиб бориш, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича текширувларни ташкиллаштириш, янги қурилган фойдаланишга топширилаётган бино ва иншоотларни электрон техник паспортларни шакллантириш ҳамда электрон техник паспортлар асосида бино иншоотни сейсмик заифлиги бўйича турларга ажратиш ишларида қатнашиш, сейсмик хавфсизликни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни доимий такомиллаштириб бориш ишлари белгиланди.

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари аҳамиятига кўра
4 та тоифага бўлинди:

I тоифа – хавфлилик омили паст объектлар (вақтинча павильонлар, киоскалар, омборлар, ангарлар, сақлаш музхоналари);

II тоифа – хавфлилик омили ўрта объектлар (якка тартибдаги уй-жойлар (3 қаватгача), оромгоҳлар, умумий овқатланиш ва маиший хизмат пунктлари, коммуникация тоннеллари, матбаа саноати объектлари, чиқиндини қайта ишлаш, маиший техника, озиқ-овқат маҳсулотлари корхоналари);

III тоифа – хавфлилик омили юқори объектлар (кўприклар, тоннеллар, йўл ўтказгичлар, ўрта ва кўп қаватли (3 ва ундан юқори) уйлар ҳамда меҳмонхоналар, таълим муассасалари, сув ажратиш тармоқлари, қурилиш саноати, пахтани қайта ишлаш корхоналари, кинотеатрлар, тарихий обидалар);

IV тоифа – хавфлилик омили ўта юқори объектлар (сув омборлари тўғонлари, ГЭСлар, мудофаа объектлари, радиактив моддаларни сақлаш, тозалаш ва кўмиш объектлари, иссиқлик электр станциялари, буғ қозонхоналари, кон-руда, нефть, газ ва кўмир саноати объектлари, 12 қаватдан юқори бўлган бинолар).

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида АҚШ, Хитой, Япония, Россия, Арманистон, Тожикистон давлатлари қонунчилиги, шу жумладан ушбу соҳада қабул қилинган давлат дастурлари атрофлича ўрганилиб, республика ҳудудининг сейсмик шароитларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилди.

Шунингдек, Қонун билан бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича текширув ва мониторингни ўтказишнинг тартиблари белгиланди. Жумладан, II–IV тоифа объектлари ҳар беш йилда сейсмик мустаҳкамлик бўйича визуал текширувдан ўтказилади (визуал текширув – бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини, юк кўтарувчи конструкцияси, қоплама ва деворларидаги ёриқлар ҳамда зарарланишларни визуал аниқлаш);

III–IV тоифа объектлари ҳар ўн йилда сейсмик мустаҳкамлик бўйича инструментал техник текширувдан ўтказилади (инструментал техник текширув – бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини махсус кузатиш, ўлчов ва назорат воситалари ёрдамида текшириш);

сув омборлари тўғонлари ва гидроэлектр станцияларида инструментал техник текширувлар йилига икки марта ўтказилади;

ҳар бир кучли зилзиладан сўнг (5,0 магнитудали) сув омборлари тўғонларида зудлик билан инструментал техник текширувлар ўтказилади;

электрон техник паспортлар асосида бино ва иншоотларнинг сейсмик заифлик бўйича доимий мониторинги олиб борилади, сейсмик хавф аниқланган тақдирда, бино ёки иншоот тегишли бўлган ташкилот 6 ой давомида хавфни бартараф этиш чораларини кўради.

Хулоса қилиб айтганда, ҳужжатдаги нормаларнинг ҳаётимизга кенг жорий этилиши ҳудудларда сейсмопрогностик мониторинг ва сув омборларида доимий сейсмологик ва сейсмометрик кузатувлари олиб борилади, соҳада ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш тизимли йўлга қўйилади, бино ва иншоотларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни назарда тутувчи ягона тизим яратилади.

 

Дилшод ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+