Сўхда Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

21.10.2021 15:10:27

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига оз фурсат қолди.  Жараёнга  тайёргарлик ҳам кундан-кунга қизғин тус оляпти. Фарғона вилоятининг чегара ҳудудларидан бири  Сўх туманида ҳам муҳим сиёсий жараённинг нафаси барча сайловчиларнинг  фаоллиги  ва масъулиятини оширмоқда.

“Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиевнинг тумандаги сайловчилар билан учрашуви  муҳокамаларга бой бўлди. Тумандаги 30-сонли мусиқа мактабида  бўлиб ўтган  учрашувда дастлаб иқтидорли ўқувчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Тасвирий санъат ва мусиқани жону дили билан севувчи  иқтидорли ёшлар ижод маҳсулотларини тақдим этдилар.

Ишончли вакил сўхлик  сайловчилар билан учрашар экан, аввало, тоғлар бағридаги сўлим гўшанинг табиати, меҳнатсевар фуқаролари, ёшларининг таълимга бўлган қизиқиши ва интилишларини алоҳида эътироф этди.Ташқи сиёсат, қўшни давлатлар билан ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, чегаралардаги муносабатларни тартибга солиш каби масалаларнинг  йилдан-йилга ижобий ечим топаётганлигини таъкидлади.

-Сўх туманида Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди “Адолат” СДП  туман Кенгаши раиси Суҳбатжон Домуллаев. –  Сиёсий партиялар қаторида Ўзбекистон Адолат СДП партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурини мазмун-моҳиятини тушинтиришга ҳамда аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга эътибор қаратилмоқда. Туманда мавжуд 30 та сайлов участкалари партиянинг зарур кўргазмали воситалари билан таъминланган.  

Тадбир якунида ишончли вакил йиғилганларни номзоднинг сайловолди дастури ҳамда сайлов жараёнлари юзасидан қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берди  ва жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон “Адолат” СДП дан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовга овоз беришга чақирди.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+