Янгиликлар 357
Сурхондарёда имзо йиғиш жараёни кўтаринки руҳда ташкил этилди
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан ҳудудларда сайлов кампанияси давридаги муҳим тадбир, яъни имзо тўплаш жараёни уюшқоқлик билан олиб бориляпти.
Мазкур жараёнда Партиянинг сайловда иштирокини қўллаб-қувватловчи имзолар билан партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда фуқаролар иштирок этишяпти.
Хусусан, партия вилоят Кенгаши томонидан Сурхондарё вилояти Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ташкил этилган имзо йиғиш жараёни бунга яққол далилдир.
Тадбир аввалида сайловларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда «Адолат» социал-демократик партияси томонидан кўтарилаётган таклиф ва ташаббуслар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Имзо йиғиш билан боғлиқ жараён қонунчиликда белгиланган меъёрларга қатъий риоя этилган тарзда ўтказилди.
Мазкур жараёнда партияга хайрихоҳ инсонлар ҳам кўнгилли равишда имзо тўплашнинг юқори савияда ўтказилишига астойдил ёрдам беришяпти. Биламизки, сиёсий партия аҳолининг маълум бир қатлами манфаатларини ҳимоя қилувчи куч ҳисобланади. Унинг аъзолари эса партия қарашлари, ғоялари, мақсадларини тарғиб қилиш, аҳоли орасида кенг ёйишга ҳисса қўшади.
– Имзо йиғишда фаол ва ташаббускор аъзолар кучига таяняпмиз. Жойлардаги Бошланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, «Аёллар ва ёшлар» қаноти атрофида бирлашган фидойи аъзоларимиз кўмаги билан қамровни кенгайтиряпмиз, – деди партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов.
Ушбу муҳим жараёнга масъул партия фаоллари имзо тўплаш тадбирлари юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий онг-тафаккури янада юксалгани, мамлакатимиз истиқболига дахлдор жараёнларга бефарқ эмаслиги, шунингдек, партиямиз нуфузи тобора ошаётганини кўрсатаётганини алоҳида қайд этмоқдалар. Аҳолининг барча қатламлари вакиллари ўз ихтиёри билан, кўтаринки кайфиятда, энг муҳими, зиммаларидаги бурч ва масъулиятни чуқур англаган ҳолда партиянинг сайловда иштирок этишига хайрихоҳлик билдирдилар.
-Ўқитувчи ва педагогларни қўллаб-қувватлаш партиянинг устувор мақсадларидан бири саналади,-дейди тадбир иштирокчиларидан бири, моҳир педагог Комил Авазов.- Хусусан, «Таълим сифати партия нигоҳида» лойиҳаси доирасида кўплаб ишлар қилинганлигидан хабардормиз. Мен ҳам партияга ва унинг ғояларига хайрихоҳман ва ихтиёрий равишда ўз имзом билан сайловда партия иштирокини тўлиқ-қўллаб-қувватлайман.
Мазкур жараёнда имзо йиғиш билан бирга сайловчиларнинг партияга оид саволларига ҳам жавоб берилиб, бўлажак сиёсий жараёнининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг