Талабани ўйлантирган мавзу

14.09.2021 17:09:42

Мана, кўз очиб юмгунимизча куз фасли ҳам кириб келди. Фасллар ичида куз фаслини интизор бўлиб кутадиган абутурентлар, талабалар шаҳар томон қанот чиқариб учишни хоҳлайдилар. Лекин, афсуски, шаҳар уларни ҳар доим ҳам очиқ чеҳра билан кутиб олавермайди. Қўлларида тугунларини кўтариб олган жонсарак талабалар, қайси танишимни уйига борсам экан, деб минг хижолатда кўнгил етарларига телефон қилишади. Лекин ҳамманинг ўз ташвишлари ўзига етарли, ҳеч ким меҳмон кутиб олишга кўзи учиб тургани йўқ, айниқса у талаба бўлса.

Яқинда узоқ вилоятдан бир танишим фарзандини қўшимча контракт асосида Тошкентдаги нуфузли олийгоҳлардан бирига ўқишга кирганини айтиб қолди. Фарзанди дарслар бошланганда олийгоҳга келса “Олдин кам таъминланган оила фарзандлари ётоқхона жойлаштирилади, агар жой ортиб қолса сизлар жойлашасиз, ҳозирча ижарага жой топиб яшаб туринг” деб тўғри тушунтириб юборишибди. Кечирасизу, ота-она фарзандини фалон пул тўлаб  қўшимча контрактга ўқитса, олийгоҳни барча талабларини бажарса, яна ойига камида 2 миллион сўм ижара ҳақи ҳам тўлаши керакми?

Замонамиз жуда тез жадаллашиб бораётганидан, кундан кунга янгидан янги ғоялар кашф қилинаётганидан хурсандмиз, албатта. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида абитурентларни қабул қилиш бўйича квоталар сони оширилганлиги ҳеч кимга сир эмас, лекин қабул қилинган талабаларни моддий техник база билан таъминлаш, уларни турар-жой масалаларига ким жавоб беради? Наҳотки, таълим квоталарини оширилганлигига шунча пайт бўлса-ю талабаларнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаса. Талаба йигитлар бир кунини кўрар, талабалик бахтидан сармаст бўлиб не-не орзуларда олийгоҳ эшигига келган  қизларимизчи?  Уларнинг ҳаётига ким жавоб беради?

Умид қиламизки, тез кунларда мутасадди ташкилотларимиз юртимиз келажаги бўлган ёшларимиз кўчаларда сарсон бўлишига йўл қўйишмайди.

Шаҳноза ОЧИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+