Ташриф фаровонликка хизмат қилади

30.07.2021 16:07:20

 

Бугун, 29-июль куни Президент Олмалиқ шаҳрига ташрифи чоғида Олмалиқ  кон-металлургия комбинатининг “Ёшлик-1” конида бўлиб, шаҳар  нуронийлари ва комбинат фаоллари билан  самимий суҳбатлашди.  

Давлат раҳбари бутун Олмалиқ аҳлини, заҳматкаш саноатчиларни, яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, истиқболли режалар ҳақида фикрларини баён этди.

–Биз бугунги кунда халқимизнинг бунёдкорлик кучига таяниб, янги давлат, янги жамият, замонавий иқтисодиёт барпо этиш йўлида барча соҳаларда маррани албатта катта олмоқдамиз. Мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини тубдан юксалтириш, юртимизни ҳар томонлама обод қилиш, одамларимизни, биринчи навбатда, ёшларимизни муносиб иш ва барқарор даромад манбалари билан таъминлаш учун мана шундай йирик лойиҳаларни яна кўплаб амалга оширишимиз керак. Энг муҳими бунинг учун бугун бизда барча имконият ва ресурслар мавжуд. Бугун сизлар билан биргаликда тамал тоши қўйилаётган Олмалиқ комбинати учун янги истиқбол эшикларини очиб берадиган ушбу фабрика қурилиши ҳам  бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди, – деди давлат раҳбари.

Шу ўринда эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Олмалиқ кон-металлургия комбинати очиқ ва ер ости конлари, металлургия ва цемент заводлари, кенг қамровли инфратузилма объектларини бирлаштирган улкан саноат мажмуасидир. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Охирги йиллардаги эътибор натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилмоқда.

“Ёшлик-1” конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси шулардан бири. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 1-мартдаги қарорига мувофиқ бошланган ушбу лойиҳанинг қиймати 4 миллиард 894 миллион доллар.

Худуди 11 минг гектар бўлган мазкур кондан йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олинади. 60 миллион тонна мис-молибден рудасини қайта ишлаш қувватига эга 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилади. Шунингдек, оҳак заводи, 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади.

Айтиш жоизки, лойиҳа доирасида ўтган 4 йилда замонавий геологик тадқиқотлар, конда 83 миллион куб метрдан ортиқ ҳажмдаги қазиш ишлари бажарилган. Бунинг учун умумий қиймати 415 миллион доллар бўлган 570 дан зиёд махсус техникалар жалб этилган.

Ушбу улкан лойиҳа 2024-йилда ишга туширилиши, жами 6 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари қурилиши бошланаётган янги фабриканинг салоҳияти ҳақида: “Ушбу корхона 2024 йилга бориб йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконини беради. Иккинчи босқичда эса қувватлар 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ана шу икки босқични амалга ошириш туфайли корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис,  50 тонна олтин  ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади” дея эътироф этди.

Таъкидланганидек, барпо этилаётган янги учинчи мис бойитиш фабрикаси Тошкент вилоятининг Қурама тоғлари бағридаги  бой хомашё заҳирасига эга бўлган конлар ҳисобидан комбинатнинг узоқ йиллар самарали ва барқарор фаолият кўрсатиши учун  кенг имкониятлар яратади.

Лойиҳа доирасида 11 мингта янги юқори технологик иш ўринлари яратилади. Бу эса, ёш йигит-қизларимиз учун геолог, муҳандис, технолог, лойиҳачи, дастурчи ва бошқа замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш имконини беради.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу улуғвор режалар – том маънода  халқимиз фаровонлиги йўлидаги яна бир тарихий  қадам, десак, тўғри бўлади.

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+