Учинчи ренессанс: Уни биз ёшлар яратамиз

22.11.2022 11:11:24

«Биз Учинчи Ренессанс масаласини

стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб,

уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз».

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Бугунги кунда бот-бот учинчи ренессанс ҳақида гапирилмоқда. Хўш ренессанс ўзи нима, унинг биринчи, иккинчи даврлари қачон ва қандай рўй берди.

«Ренессанс» луғавий французча «қайта туғилиш» деган маънони англатади. Атама сифатида унинг мазмуни анча кенг: маданиятда, илм-фанда, санъатда, таълим-тарбияда, умуман, жамият ҳаётида узоқ муддатли турғунликдан кейин қайта жонланиб, тез ривожланишни, ижтимоий онг ва қадриятлар тизими янги сифат босқичига чиқишини билдиради. Илк бор атама Европада ўрта асрлар мутаассиблигидан кейин 15-16 асрлардаги ривожланиш даврига нисбатан қўлланилган. Ренессанс аталмиш мазкур ижтимоий ҳодиса ўзбек тилига «Уйғониш даври» деб ўгирилган.

Аслида эса уйғониш даври Ўрта Осиёда, хусусан, кўҳна Мовароуннаҳрда анча муқаддам рўй берган, буюк ватандошларимиз бунга улкан ҳисса қўшганлар. Тарихдан маълумки, унинг бошланиши 7-8 асрларда Хитойга тўғри келса, 8- асрдан Ҳиндистонга кўчган. 9-12 асрларда эса жараён бизнинг заминимизда юксак тараққий этган десак, асло муболаға бўлмайди. Бунда Маъмун академиясининг яратилиши ва ундан етишиб чиққан алломаларимизнинг ҳиссаси катта бўлган.

Биринчи Ренессансда юртимиздан Фарғоний, Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий каби буюк даҳолар, муҳаддислар — Бухорий, Термизий, мутакаллимлар — Мотуридий ва Абул Муин Насафий ҳамда бошқа атоқли дунёвий ва диний алломалар шуури оламни ёритганини бугун бутун жаҳон тан олади. Аниқ фанлар соҳасида ушбу бобокалонларимизнинг асарлари тафаккур хазинасини бойитди, олам, одам ва жамият яхлитликда тадқиқ этилиб, янги қонуниятлар очилди, ақлий билим уфқлари кенгайди, фозил жамият ва комил инсон назарияси чуқур ишлаб чиқилди. Адабиётда Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Навоий, Жомий, Ҳофиз Шерозий, Низомий Ганжавий, Жалолиддин Румий каби даҳо ижодкорлар етишиб, ўлмас асарлар яратдилар, ишқ-муҳаббат, қаҳрамонлик, озодлик ва эзгуликни куйладилар.

Мўғуллар истилоси даврида ҳар жабҳада тўхталиш юз берди. Тараққиёт кишанланди. Орадан вақт ўтиб Амир Темур салтанатига асос солингандагина яна уйғонишга юз тутилди. Темур ва Темурийлар даврида воқеалар жадал ривожланди. Бу даврда нафақат илм-фан, балки ўз номи билан барча соҳаларда янгиланишлар, эврилишлар юз берди.

Иккинчи Ренессансда — Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи, Лутфий, Жомий, Навоий, буюк меъморлар, бастакорлар, мусаввирлар, тарихчилар чиқиб, бугун ҳам дунёни лол қолдираётган асарлар яратдилар. Миниатюра, рассомчиликда Камолиддин Беҳзод расмлари янги ижодий йўналишга асос солди.

Кейинчалик шаҳзодаларнинг тахт талашувлари сабаб буюк давлат инқирозга учради ва ўз навбатида илм-фан тараққиёти ҳам таназзулга юз тутди. Бундан роса 100 йиллар муқаддам халқимиз яна қайта уйғониш арафасида эдилар. Мамлакатимизда бошланган жадидчилик ҳаракати бунга туртки бўлмоқда эди. Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Чўлпон каби боболаримиз улкан эврилиш ясашга киришган, нафақат адабиётда, миллатни илмли қилиш орқали бутун жамиятда тараққиётга эришмоқчи эдилар. Афсуски, ўша пайтдаги мустабид тузум бунга йўл қўймади ва уларни қатағон этди.

Айни вақтга келиб, бизларни янги даврни бошлашимизга, ренессанс яратишимизга барча шароитлар ва имкониятлар бор. Ҳукуматимиз, Президентимиз ўзлари буни қўллаб – қувватламоқдалар ва бунга даъват этмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев тантанали табрик нутқида тараққиётимизнинг мақсади Учинчи Ренессанс бўлиши лозимлигини таъкидлади. Ниҳоятда жозибали мазкур стратегик ғоя ўзининг улуғворлиги, миллий юксалиш барча жабҳаларда қандай умумий мақсадни кўзламоғи зарурлигини кўрсатади. Президентимизнинг мамлакатимиз келажагини таълим ва илму фанда кўраётгани, учинчи Ре­нессанс ғояси миллий ғоя даражасига кўтарилгани, замонавий дунёга юзланиш ҳамда дунё билан тенглашмоқ истагида ана шу Ватан ва миллат туйғусининг яна бир жилваланишини кўриш мумкин. Бу туйғу халқимизнинг қонида жўш уриб турган маърифатга ташналик ва ўша олис ўтмишдаги буюк Уйғониш насимларининг соғинчи билан муштаракдир. Шундай экан, дунё саҳнига яна янги тамаддун билан бўйламоққа бу халқ минг бора ҳақлидир.

Президентимиз Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда эса мана бундай фикрларни билдирдилар. «Бугунги кунда кўп миллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, ­Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз — асосий таянчимиз ва суянчимиздир.»

Шундай экан, биз ёшлар бунга лаббай деб жавоб беришимиз, интилишимиз, изланишимиз билан юксак чўққиларни забт этишимиз ва бошқаларни ҳам бунга ундай олишимиз шарт. Зеро, шундагина учинчи ренессанс қатнашчиларигина эмас, унинг яратувчиларига ҳам айлана оламиз.

Мирзараҳмат ОЛИМОВ, 

«Адолат» СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси.

Гулруҳ МЎЙДИНОВА,

Наманган давлат университети талабаси, партия фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+