Янги ғоялар, муҳим ташаббуслар билан сайловчилар қалбига кириб борамиз!

09.08.2024 16:08:00

Албатта, сайловчилар билдирган юксак ишончни оқлаш ҳар бир сиёсий партия олдига қўйилган устувор мақсад. Шу жиҳатдан олиб қаралса, халқ манфаатини олий қадрият деб билувчи партиямиз бугунги қизғин сиёсий жараённинг фаол иштирокчисига айлансагина, унга бўлган ишонч юксалади.

Шу мақсадда ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар, бошланғич партия ташкилотларидаги ходимлар, партия аъзоларининг жорий сайловни муваффақиятли ўтказиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий позициясини мустаҳкамлаш борасида сиёсий ўқув тадбирлари ўтказиляпти. Аҳамиятлиси, ўқувларда партия етакчиси ҳам иштирок этиб, «адолатчилар»нинг сайлов қонунчилиги, партия фаолиятига оид ҳуқуқий норма ва янгиликлардан бохабарлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.

«Адолат»нинг янги ғоялар, муҳим ташаббуслар билан сайловчилар қалбига кириб боришида партиядошларимизни янада фаолликка ундаш мақсадида «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова борган галдаги манзил Жиззах вилояти бўлди.

Партиянинг вилоят ва туман-шаҳар кенгашлари раислари, депутатлар, «Ёшлар қаноти» ва «Аёллар қаноти» аъзолари, ОАВ вакиллари иштирокидаги сиёсий ўқувда сайловнинг амалга оширилиш босқичлари, қонунчиликда акс этган ҳуқуқий асослар мазмун-моҳияти кўриб чиқилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Робахон Махмудова ўтган 5 йил давомида партиянинг илгари сурган ғоя ва ташаббуслари бўйича эришилган натижаларига тўхталди. Хусусан, мамлакат қонунчилигида партия саъй-ҳаракати билан 40 га яқин таклиф акс этганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратовнинг сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ҳақида маълумот берувчи видеодарси намойиш қилинди. Видеодарс орқали ўқув иштирокчилари Сайлов кодекси, мажоритар-прапорционал сайлов тамойилларини ўзида мужассамлаштирган  аралаш сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида керакли билимларга эга бўлишди. 

Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров ҳам вилоятда сайловга тайёргарлик кўриш, кампания давридаги тадбирларни тизимли ташкил қилиш, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, маҳаллий кенгашларда иш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида йиғилганларга ахборот берди.

Ўқув давомида Робахон Махмудова  ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнига олдиндан тайёрлаш, сайлов кампаниясининг турли босқичларида партия ташкилотлари вазифалари ҳамда муҳокамага сабаб бўладиган масалалар, партияларнинг позицияларини билдириш юзасидан маъруза қилди.

Шу билан бир қаторда партия етакчиси бўлажак Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида «Адолат» СДПнинг муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида ишлаб чиқилган стратегик режаларни тизимли равишда амалга ошириш – партия олдида турган асосий вазифа эканини таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, эришилган ютуқлар қаторида ҳали мазкур йўналишларда қилиниши керак бўлган ишларимиз ҳам кўплигини инобатга олиб, партия  келгусида ҳам адолатли жамият қуриш, фуқаролар манфаати ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга катта эътибор қаратади.

Савол-жавобларга бой ўтган ўқув қатнашчиларга аҳоли ўртасида партия танилувчанлигини ошириш, мурожаатлар билан тизимли ишлаш ва сайлов кампаниясидаги тадбирларни тўғри ташкиллаштиришда тажриба алмашиш имкониятини берди.

"Адолат" СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+