Конституциявий қонун лойиҳасида ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари нималардан иборат?

03.10.2022 18:10:58

Ривожланишнинг бош омили бўлган Конституциямизга бугунги ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиши учун қандай ўзгартиришлар киритилмоқда? Халқимиз томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида қандай янги таклифлар илгари сурилди? Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг иштироки қандай бўлмоқда?

Қўқон университети талабалари иштирокида "Конституцияда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари" мавзусида ўтказилган тадбирда ушбу масалалар хусусида сўз борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, Ёшлар комиссияси раиси Муҳаммаджон Валиев талаба-ёшларга референдум ўтказиш ғояси, бу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнлари ва унинг жамиятимиз тараққиёти учун аҳамияти борасида батафсил маълумотлар берди.

Эндиликда ёшларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлашга алоҳида аҳамият қаратилиши, конституциявий ўзгаришлар уларнинг ҳаётий имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилишини эътироф этди.

Депутат ва ёшлар учрашувида Конституциядаги 128 та модданинг 64 тасига 200 дан ортиқ ўзгартириш киритиш ва 6 та янги модда қўшиш таклиф этилаётгани маълум қилинди. Ёшларга берилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва манфаатларини таъминлаш ҳамда таълимга оид масалалар бўйича киритилаётган барча ўзгаришлар талабаларга етказилди.

Учрашувда жамиятда янгиликларни амалга ошириш катта илмий ресурс талаб этиши, бугунги кунда фикрловчи ва ташаббускор мутахассисларга эҳтиёж борлиги таъкидланиб, барча ёшлар фаолликка ундалди.
Депутатлар Қўқон университети талаба-ёшларининг таклифларини ўргандилар. Шунингдек, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар бердилар.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+